Сурхондарёда “Янги нафас” югуриш спорт мусобақаси бўлиб ўтди
Бугун мамлакатимизнинг 15 та шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан «Бир Ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз» шиори остида «Янги нафас» спорт мусобақаси бўлиб ўтди.
Термиз шаҳридаги “Сурхон” спорт мажмуасидан “Болажон” боғида жойлашган катта байроқгача бўлган 3 км масофада ўтказилган марафонда сурхондарёлик давлат ва жамоат ташкилотлари, кенг жамоатчилик вакиллари, ҳарбийлар, нуронийлар, ёшлар ҳамда параспортчилардан иборат 4 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашди.
Старт чизиғида ташкил этилган мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Тўра Боболов тадбир иштирокчиларини Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун билан табриклаб, марафон иштирокчиларига омад тилади.
Шундан сўнг, оммавий югуриш мусобақасига старт берилди. Мусобақа иштирокчилари вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг кузатувида финиш чизиғига етиб борди.
“Болажон” боғида жойлашган катта байроқ остидаги майдонда Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан катта байрам тадбирлари ҳамда “Янги нафас” марофони ғолибларини тақдирлаш маросимлари ўтказилди.
Мусобақа ғолибларига медал, диплом ва қимматбаҳо совғаларни вилоят ҳокими Тўра Боболов, сектор раҳбарлари ва бошқа мутасаддилар тантанали топширишди.
Байрам тадбирида санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ёшларнинг ўйин-кулгуларига уланди.
Тадбирлар оммавий ахборот воситаларида, хусусан, “Спорт” телеканали орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди.