Сурхондарёда истеъмолга яроқсиз йирик шохли мол гўшти тўхтатиб қолинди
Жорий йилнинг 12 июль куни соат тахминан 01:30 ларда Сурхондарё вилояти ИИБ Жамаот хавфсизлиги хизмати Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси Карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари ва вилоят ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси ходимлари томонидан озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича “Дарбанд” ЙПХ масканида ўтказилган рейд тадбирлари давомида, Шўрчи-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Шўрчи туманида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро К.Осмон (исм шарифлар ўзгартирилган) бошқарувидаги Кобил русумли автомашина тўхтатилиб юкхонаси текширилганда ҳеч қандай ветеринария ҳужжатларисиз 360 (уч юз олтмиш) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги аниқланган.
Бундан ташқари, шу куни Денов-Тошкент йўналиши бўйича ҳаракатланиб келаётган Шўрчи туманида яшовчи 2000 йилда туғилган фуқаро М.Шокир бошқарувидаги Кобил русумли автомашинаси тўхтатилиб юкхонаси текширилганда бирор бир ветеринария ҳужжатларисиз 370 (уч юз етмиш ) кг йирик шохли мол гўшти олиб кетаётганлиги аниқланган.
Тегишли ҳужжатларсиз олиб кетилаётган гўшт маҳсулотларини истеъмолга яроқли ёки яроқсиз эканлигини текшириш мақсадида, Сурхондарё вилояти Ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат махсулотлари хавфсиз давлат маркази лабораторияси текширувидан ўтказилганида, истеъмолга яроқсиз эканлиги аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.