26 Сентябр 2023 йил 575

Сурхондарёда Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан тунги хизмат фаолияти ўрганилди

Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Б.Ю.Мирзарахимов томонидан Сурхондарё вилояти ИИБ Ташкилий бошқармаси Навбатчилик қисми ва “102” тизимининг тунги фаолияти ўрганилди.

Ўрганиш давомида, навбатчилик хизмати томонидан вилоят ҳудудидаги криминоген вазиятни назорат қилиш, жиноят ва ҳодисалар тўғрисида келиб тушган хабарлар юзасидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар бўйича ходимларнинг ҳаракатлари текшилиб, уларга қўшимча йўриқнома берилди.

Бундан ташқари, аҳоли мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқилиши бўйича “102” тизимига келиб тушаётган хабарлар бўйича тезкорлик билан маълумотларни тегишли ҳудудий ички ишлар органларига етказилиши ҳамда тегишли хизмат ходимларининг воқеа жойига ўз вақтида етиб бориши тўлиқ ўрганилди.

Вилоят ҳудудидаги аҳоли гавжум ва жамоат жойларини замонавий ахборот коммуникация воситалари билан қамраб олинганлиги ва уларнинг Навбатчилик қисми негизида фаолият олиб бораётган “Ситуацион марказ”га интеграция қилинганлиги ҳамда ушбу марказ орқали ҳудудда хизмат олиб бораётган куч-воситаларни марказлаштирилган тартибда бошқариш имкониятлари кўздан кечирилди.

Ташриф давомида, Термиз шаҳар ИИБнинг тунги фаолияти ҳам эътибордан четда қолмади. Хусусан, Навбатчилик қисмига аҳолидан келиб тушаётган мурожаатларнинг “E-material” электрон дастурига қайд этиш ва унинг ижросини таъминлаш жараёнлари билан танишди.

Шунингдек, берилган шартли сигнал асосида ИИБ биносига йиғилган тергов-тезкор гуруҳи аъзоларининг эпикировка ва ёрдамчи воситалари назорат тартибида тўлиқ кўздан кечирилиб, уларга қўшимча йўриқнома берилди.

Шундан сўнг, Термиз шаҳар ҳудудида тунги хизматга жалб этилган шахсий таркибнинг хизмат фаолияти жойларга чиққан ҳолда ўрганилди. Жумладан, шаҳарнинг “Боғишамол” маҳалласида жойлашган 12 мингдан ошиқ аҳоли яшайдиган “Фаровон” аҳоли массивидаги 38 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи “Ҳуқуқ-тартибот маскани” фаолияти кузатилди.

Ушбу ҳудудда хизмат олиб бораётган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг ҳамкорликдаги фаолияти текширилиб, ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли ва жамоатчилик вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди.

 

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech