Сурхондарёда Хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаолларининг соҳа бўйича малакалари оширилди
Жорий йилнинг
17-18 октябр кунлари Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси Жамоат
хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармасининг Хотин-қизлар
масалалари бўйича инспекторлари ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари билан
биргаликда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий
саводхонлигини оширишга бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Семинарда Ички
ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги департаменти Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси
хизмати масъул ходими ҳамда “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази мутахассислари
томонидан, зўравонликка қарши курашнинг халқаро ва миллий меъёрий-ҳуқуқий асослари
хусусида сўз юритилди.
Жамиятда хотин-қизларга
нисбатан зўравонлик ҳолатларини олдини олиш, уларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини
ошириш, психологик ёрдам ҳамда зўравонликдан жабрланган шахсларга “Ҳимоя ордери”
бериш тартиби хусусида иштирокчиларга тушунчалар берилди.
Зўравонликнинг
сабаблари, иштирокчилари ва турлари, унинг оилавий низодан фарқини аниқлаштириш
мақсадида, иштирокчилар йўналишлар бўйича гуруҳларга бўлинган ҳолда амалий машғулотлар
олиб борилиб, ходималарнинг эркин фикр билдириши билан бир қаторда мавзуга доир
билимлари янада мустаҳкамланди.
Икки кун давом этган тренинг якунида
иштирокчиларнинг мавзуни ўзлаштириш даражасини аниқлаш мақсадида, улардан синов
машғулотлари ўтказилди.