Сурхондарёда “Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ўтказилган тезкор-тадбирда, хўроз жангини ташкил этиб келаётган жиноий гуруҳ қўлга олинди.
Жиноятга қарши курашиш, унинг барвақт олдини олиш ва жамоат тартибини сақлаш мақсадида олиб борилаётган рейд тадбирлари давомида, ноқонуний хўроз уруштириш билан шуғулланаётган бир гуруҳ фуқаролар ИИБ ходимлари томонидан аниқланиб, қўлга олинди.
2025-йил 15-июлдан 15-августга қадар юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Хавфсиз
ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида, жорий йилнинг 19-июл куни
Сурхондарё вилояти ИИБ Тезкор қидирув хизмати Жиноят қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка
қарши курашиш бўлими ҳамда Ангор тумани ИИБ Тезкор қидирув хизмати жиноят қидирув
бўлими ходимлари томонидан Ангор тумани ҳудудида ўтказилган тезкор тадбир давомида
қуйидаги жиноят ҳолати аниқланиб, ушбу жиноий қилмишга чек қўйилди.
Аниқланишича 1995-йилда Ангор туманида туғилган фуқаро, жиноят йўли билан
даромад орттириш мақсадида, Ангор тумани ҳудудидан бино сотиб олиб, кўп миқдордаги
пул эвазига қимор ва таваккалчиликка асосланган хўроз уруштириш ўйинини ташкил этиб
келгани маълум бўлди.
Тезкор-тадбир давомида “қора бозор”да ҳар бири тахминан 1 000 (минг)
АҚШ долларига баҳоланган 12 дона “жанговар хўроз” ҳамда ўйинга тикилган 27 850 000
(йигирма етти миллион саккиз юз эллик минг) сўм пул маблағлари ашёвий далил сифатида
расмийлаштириб олинди.
Ушбу ноқонуний ўйинда иштирок этган хўроз эгалари — 1993, 1985, 1962,
2005-йилларда Шеробод туманида, 1981-йил Узун туманида ҳамда 1998-йилда Термиз туманида
туғилган фуқаролар эканлиги аниқланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Ангор тумани ИИБ ҳузуридаги тергов гуруҳи томонидан
2025-йил 20-июл куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми
билан жиноят иши қўзғатилди.
Бу каби таваккалчиликка асосланган ноқонуний қимор ўйинлар, нафақат ҳайвонларга нисбатан зўравонлик, балки жамиятда жиноятга мойилликни оширувчи хавфлилик даражаси юқори бўлган омил сифатида баҳоланади. Қонуний ҳужжатларга мувофиқ, бундай тадбирлар ноқонуний ҳисобланади ва қонун доирасида чора кўрилишига сабаб бўлади.