Сурхондарёда ғалла ўрими авж паллада
Сурондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник Абдувоҳид Исмоилов Музработ туман ҳокими Эркин Алимов билан биргаликда Музработ туманида бободеҳқонларимиз томонидан етиштирилган ғалла маҳсулотларини нест-нобуд қилмасдан, талон-тарожликларга йўл қўймасдан, тез фурсатларда йиғиб олиш мақсадида, “Ғалла-2020” ўрим-йиғим мавсумига киришиш стартини беришди.
Бугун жануб қўёши тафтида ғарқ пишиб етилган буғдой далаларида ўрим ишлари авж паллага кирди. Сурхондарё вилоятининг Музработ туманида ғалла ўримига тушилди. Бунинг учун албатта, мавсумолди техникалар кўриги, механизаторларнинг ўқуви, далаларда комбайнларнинг ҳаракатланиши учун яратилган шарт-шароитлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Музработ туманида 2020 йил ғалла ҳосили учун 13 минг гектар майдонга буғдой экини экилиб парваришланган. Ҳудудда жами 300 нафар фермер айни соҳада фаолият юритмоқда. Ялпи ишлаб чиқариш 70 центнер бўлиб, жами–90 минг 969 тоннани ташкил этади.
Туманда буғдойнинг серҳосил ва эрта пишар навлари экилиб, парвариш қилинди. Жумладан, 4267 гектар майдонга – Ғазғон, 2418 гектарга Бунёдкор навлари ва 67 гектар – Антонина, 297 гектар Алексейивич, 324 гектар Ҳисорак, 1000 гектар – Васса, 4051 гектар – Гром, 440 гектар – Таня ҳамда 76 гектар майдонга буғдойнинг Соҳибкор навлари экилган. Ҳозирда уларнинг барчаси пишиб етилган ва ўрим ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.
Сурхон воҳасининг Музработ туманида ғалла ўрим-йиғимини ўз вақтида уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида, 21 та ортяд ташкил этилди. Уларга 43 та ғалла ўриш комбайнлари, 19 нафар ички ишлар ходимлари ва 19 та кўчма устахоналар бириктирилиб, 235 млн. сўмлик эҳтиёт қисмлар заҳираси яратилган.
Шунингдек, ўрим олдидан ҳар бир ортяд таркибидаги комбайн операторларини моддий рағбатлантириш мақсадида 2 қопдан ун, 10 килограмдан гуруч ва ўсимлик ёғи, 2 қопдан картошка ва пиёз ҳамда 2 млн сўмдан пул маблағлари берилди. Асосийси, ғалла ўрим отрядлари учун барча қулай шароитлар яратилган.
Ўрим-йиғим ишларини уюшқоқлик билан олиб бораётган Музработлик миришкорлар амалдаги йилда ғалла ҳосилини 14 иш кунида йиғиштириб олишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.
Шунингдек, ўрилиб, янчилган ғалла ҳосилини исроф қилмасдан дон маҳсулотларини қабул қилиш масканларига етказиб бериш учун 172 та ғалла ташиш техниклари ҳашарга жалб қилинган.
Юртимизда нонни мўътабар деб қадрлаш, унинг ушоғини ҳам исроф қилмаслик миллий қадрият даражасига кўтарилган. Зеро, нон – биз учун фаровонлик ва файзу барака рамзидир. Миришкорларимиз жорий мавсумда ҳам халқимизнинг ризқ-рўзи бўлган ва айни пайтда пишиб-етилган дон маҳсулотларини нобуд қилмасдан йиғиб олиш мақсадида туну кун тер тўкмоқдалар. Албатта, заминдан мўл ҳосил олиш учун яхши уруғ, қулай шароит, махсус текника воситалари билан бир қаторда ғайрат ва шижоат ҳам зарур. Бугун Сурхон воҳасининг ғалла даласида бўлган инсон борки ана шундай серғайрат-шижоатли инсонларнинг фидокорлигига гувоҳ бўлади.
Ғалладан бўшатилган ер майдонларига такрорий экин экиш ишлари ҳам авж паллага чиқди. Бунда ҳар бир фермер хўжаликлари камбағалликни қисқартириш мақсадида ўз экин майдонларидан ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга бир гектар ер лойиҳаси асосида ер ажратилиб, сердаромад қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари уруғ кўчатлари экилишига киришилади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати