12 Июн 2025 йил 210

Сурхондарё вилоятининг Қўриқлаш тизимида кинология хизмати ривожланмоқда.

Юртимизда хавфсизликни таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, объектларнинг ишончли қўриқловини амалга оширишда хизмат итларидан кенг фойдаланилмоқда. Улар жиноятларни фош этиш, гиёҳванд моддаларни аниқлаш, бедарак йўқолганларни қидириш каби мураккаб топшириқларни бажаришда иштирок этмоқда. Ҳар бир хизмат итини тарбиялаш, уларни машғулотларда тоблаб боришда, у билан бир жамоа бўлиб ишлаётган кинолог мутахассисларнинг ўрни беқиёс.

Бугунги кунда Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Қўриқлаш департаменти ҳамда унинг ҳудудий бошқармаларида кинология хизмати тобора ривожланмоқда. Хизматда шарқий европа ва немис овчаркаси, белгия малинуаси каби зотдаги хизмат итлари мавжуд бўлиб, улар ҳар хил йўналишларда — хусусан, қидирув, ҳимоя қўриқлаш ва хавфли моддаларни аниқлашда самарали натижалар бермоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилояти Қўриқлаш бошқармасида 10 га яқин тўрт оёқли содиқ ёрдамчилар мавжуд бўлиб, уларни парваришлаш, соғлигини таъминлаш, доимий равишда машғулотлар олиб бориш учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хизмат итлари сақланадиган жойларни юқумли касалликларга қарши барқарорлигини таъминлаш мақсадида ҳудудий ветеринария ташкилотлари билан ҳамкорликда белгиланган вақтларда ветеринария-профилактик тадбирлар олиб борилмоқда.

Кинолог мутахассисларнинг малакасини ошириб бориш учун мунтазам ўқув йиғинлари ташкил этилиб, ходимлар доимий равишда қайта тайёргарликдан ўтказилмоқда. Бу эса тизимнинг янада самарали ишлашини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар тизимни янада такомиллаштириш ва замон талабларига мос равишда ривожлантиришга қаратилган.

Text to speech