Сурхондарё вилоятида волейбол спортини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Куни кеча Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, вилоят волейбол федерацияси раиси Тимур Исмаилов раҳбарлигида спортнинг волейбол тури бўйича ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда вилоят спорт бошқармаси бошлиғи Санжар Шомуродов, Миллий
олимпия қўмитаси вилоят бўлими ижрочи директори Диловар Турсунов, Термиз
олимпия ва параолимпия спорт турларига тайёрлаш маркази директори ўринбосари Баҳром
Абдусатторов ҳамда вилоятдаги волейбол спорт тури мураббийлари иштирок этишди.
Тадбир давомида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 8
июлдаги ПҚ–221-сон қарори мазмун-моҳияти юзасидан маълумот берилди. Ушбу
қарорда 2028 йилда АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтадиган XXXIV ёзги Олимпия
ва XVIII Паралимпия ўйинларига қизғин тайёргарлик кўриш, миллий терма жамоа
учун муносиб номзодларни етказиб бериш ҳамда мамлакат чемпионати ва кубоги,
шунингдек, бошқа нуфузли мусобақаларда фаол иштирок этиш вазифалари
белгиланган.
Шу муносабат билан вилоят волейбол федерацияси ижрочи директори Ҳаким
Мамаюсупов томонидан ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар юзасидан тақдимот
ўтказилиб, эришилган натижалар таҳлил қилинди. Йиғилиш иштирокчилари томонидан
мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш йўналишларига оид таклифлар илгари
сурилди.
Йиғилиш якунида, федерациянинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида замонавий спорт анжомлари ҳамда мебел жиҳозлари топширилди.