Сурхондарё вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарларининг “Сайёр қабули” ўтказилди.
Фуқаролар томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича келиб тушаётган ариза ва шикоятларни аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва қонуний ҳал этиш мақсадида режа-жадвал асосида Сурхондарё вилояти суд раислари, прокурор, ички ишлар, мажбурий ижро, адлия ва божхона бошқармалари бошлиқлари томонидан Халқ қабулхоналари билан ҳамкорликда оммавий сайёр қабуллар ўтказилиши белгиланган.
Шунга кўра,
бугун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сурхондарё вилоятидаги Халқ
қабулхонаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳридаги “Санъат саройи” биносида вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган раҳбарларининг
“Сайёр қабули” ташкил этилди.
Ўтказилган
“Сайёр қабул”да вилоят ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов томонидан
фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, уларга вилоят Ички ишлар бошқармаси
бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли соҳавий хизмат раҳбарлари иштирокида ижобий
ечим изланди.
“Сайёр қабул”
жараёнида фуқаролар томонидан тергов — суриштирув, ишга қабул қилиш, ИИВ
тизимига ишга тиклаш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, фуқароликни расмийлаштириш,
яқин қариндошлар ҳамда қуда-андалар ўртасидаги низоларга барҳам бериш, уй-жойни
номига расмийлаштириш, пул олди берди масаласи, пробация назоратидан чиқариш ва
бошқа ички ишлар соҳасига оид турли масалалар юзасидан мурожаатлар тушди.
Мурожаатларнинг
асосий қисми шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, баъзи мурожаатлар
юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Ижросини
ўрганиш учун қўшимча муддат талаб қиладиган мурожаатлар эса тегишли соҳавий
хизмат масъулларига йўналтирилиб, бошқарма бошлиғи томонидан алоҳида назоратга
олинди.
Шунингдек,
“Сайёр қабул” давомида ички ишлар органлари тизимида касбига содиқлик ва
ҳалоллик билан ёндошган ҳолда хизмат қилаётган тергов ва суриштирувчиларнинг
фаолиятларидан мамнунлигини билдирган фуқаролар ҳам иштирок этишиб, ўз
миннатдорчиликларини изҳор этишди.
“Сайёр қабул”
якунида, бир нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси
фуқаролигига қабул қилинганлиги учун ҳамда 16 ёшга тўлиши муносабати билан беш
нафар ўғил-қизлар фуқаролик ID карталари бошқарма бошлиғи томонидан тантанали
равишда топширилди.