14 Август 2024 йил 227

Сурхондарё вилоятида сектор раҳбарлари ва масъуллари иштирокида ёшлар жиноятчилиги муҳокама қилинди.

Жорий йилнинг 14 август куни Қизириқ тумани ҳокимлиги биносида  вилоят ҳокими У.Б.Қосимов раҳбарлигида “вилоятда  ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, оталиққа олинган ёшлар билан олиб борилаётган ишлар аҳволини ўрганиш"га бағишланган видеоселектор тарзидаги йиғилиш ўтказилди.

Дастлаб Қизириқ тумани ҳудудида истиқомат қилаётган, масъулларга бириктирилиб, оталиққа олинган ёшларнинг ижтимоий муаммолари, турмуш шароитлари, фойдали меҳнатга жалб қилинганлиги ва бошқа бир қатор масалаларда ўрганишлар  олиб борилди.

Шундан сўнг туман ҳокимлиги биносида вилоят ва шаҳар-туман сектор раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, тегишли ташкилот масъуллари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Кун тартибидаги масала юзасидан, вилоят ИИБ бошлиғи 3-сектор раҳбари полковник Тимур Исмаилов ўз маърузаси билан иштирок этиб, унда 2023 йилнинг 28 июль куни Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида Фарғона вилоятида ўтказилган видео-селектор йиғилишда ҳамда 16-17 ноябрь кунлари вилоятимизга ташрифлари давомида жиноятчиликни барвақт олдини олиш борасида муҳим масалалар бўйича топшириқлар берилганлигини қайд этиб, ушбу топшириқ асосида, ҳар-бир маҳаллада ижтимоий муаммолар “оилабай” аниқланиб, “Хавфсиз хонадон” ва “Хавфсиз ҳовли” тизими асосида хизмат олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Шунингдек ҳозирда, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, спорт тадбирларига жалб этиш борасида комплекс чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигига алоҳида тўхталиб ўтди.

Улар орасида жиноятчиликни барвақт олдини олиш, оталиққа олинган ёшлар билан манзилли ишларни изчиллик билан давом эттириш,  маънавий дунё қарашини мустаҳкамлаш, ички ишлар органларининг асосий вазифаси этиб белгиланганлиги, бу борада махсус профилактик тадбирлар билан биргаликда умум-таълим муассасалари, касб-ҳунар мактаблари, олий таълим муассасалари ва маҳаллаларда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ҳам изчиллик билан амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, ёшлар учун кўплаб имкониятлар яратилган бир вақтда, айрим ёшлар томонидан оғир ва ўта оғир турдаги жиноятлар содир этилаётганлигига алоҳида тўхталиб, буларнинг олдини олишда оиланинг, маҳалланинг  керак бўлса кенг жамоатчиликнинг ўрни етарли даражада сезилмаётганлиги ҳақида тўхталиб, бунга асосли мисоллар келтирилди.

Йиғилиш якунида, ёшлар ўртасида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ  чора-тадбирлар белгиланиб масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.

Text to speech