Сурхондарё вилояти ҳокими Жарқўрғон туманида воҳадаги профилактика инспекторлари билан учрашди
Жорий йилнинг 24 ноябрь куни Сурхондарё вилояти
ҳудудида маҳалла “еттилиги” фаолиятини намунали ташкил этиш масалаларига
бағишланган семинарлардан яна бири туман Маданият марказида бўлиб ўтди.
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида ташкил этилган тадбирда
маҳалла “еттилиги” фаолиятида профилактика инспекторларининг асосий вазифалари,
жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини олиб бориш, ҳудудда жамоат
хавфсизлигини таъминлаш масалалари сектор раҳбарлари иштирокида муҳокама
қилинди. Бу борадаги ишларни жонлантириш мақсадида самарали фаолият юритаётган
ходимларни рағбатлантириш, сусткашликка йўл қўйганларга нисбатан чора кўриш
тизимини сифатли ташкил этиш чора-тадбирлари белгилаб берилди.
Тадбирда маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларни
барвақт олдини олиш бўйича мутлақо янги тизим яратилгани, хусусан, ҳар бир
маҳаллада оила ва шахс кесимида жиноятчиликнинг сабабларини аниқлаш ва уларни
бартараф этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг ижтимоий профилактикасини таъминлаш
амалиёти жорий этилгани таъкидланди.
Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган
профилактик ишлар натижасида, 39 фоиздан ошиқроқ (284 та) маҳаллаларда бирорта
ҳам жиноят содир этилишига йўл қўйилмаганлиги қайд этилди.
Семинар якунида намунали фаолият
юритаётган профилактика инспекторлари томонидан жиноятчиликнинг олдини олиш
борасида амалга оширган ишларининг тақдимоти бўлиб ўтди.