1 Апрел 2024 йил 435

Сурхондарё вилояти ИИБ томонидан хизмат интизоми ва қонунчилик бузилишини олдини олишга қаратилган йиғилиш бошқарма Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ходимлари ва уларнинг оила аъзолари иштирокида ташкил этилди.

2024 йил 31 март куни Сурхондарё вилояти ИИБ мажлислар залида Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг қуйи тизими шахсий таркиб ходимлари ҳамда уларнинг ота-оналари, турмуш ўртоқлари таклиф этилиб, Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлинмаларида хизмат, ижрочилик интизомини таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш соҳасида йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш бўйича манзилли чора-тадбирлар белгилаш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди.

Ўтказилган мазкур йиғилиш Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Ш.Ф.Шадиев, Ўзбекистон Республикаси Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник Қ.Б.Самандаров ҳамда Сурхондарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Х.Дилмоновлар ҳузурида ўтказилди.

Дастлаб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари подполковник Шадиев Шерзод Файзуллаевич сўзга чиқиб, бугунги кунда ички ишлар органлари ходимларининг ҳарбий-ватанпарварлик туйғусини, маънавий савиясини ва интеллектуаль салоҳиятини юксалтиришни таъминлаш, уларда мамлакатимизнинг қадимий ва бой маданияти, азалий қадриятлари, удумлари ва анъаналарига асосланган кенг дунёқарашини янада  шакллантириш юзасидан бир қатор манзилли ишлар амалга ошириб келинаётганлигини, аммо баъзи бир ходимлар ушбу яратилаётган шарт-шароитлардан унумли фойдаланмасдан хозирги кунда хизмат интизоми ва қонунчиликка риоя этмасдан жавобгарликка тортилиб кетаётганлигини қайд этди.

Шунингдек, келгусида ходимларимиз жонажон Ўзбекистонимизда ҳукм сураётган тинчлик-осойишталик, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик муҳитини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бундай бебаҳо бойликни муттасил мазмунан бойитиб бориш, Ўзбекистон тараққиёти йўлида бир муштга жипслашиб, давлатимиз раҳбарига таянч ва суянч бўлиб хизмат қилиш, келгуси авлодларни шу руҳда камол топтириш муқаддас бурч эканлигини таъкидлаб ўтди.

Учрашув давомида 2023 йил давомида вилоят ички ишлар органлари ходимлари томонидан содир этилган салбий ҳамда ижобий ҳолатлар асосида тайёрланган видеофильм ходимларнинг келгуси хизмат фаолиятларида ўзларига тегишлича тўғри хулоса чиқаришлари учун йиғилганларнинг эътиборига намойиш этилди.

Намойиш этилган фильм якунида Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи подполковник Самандаров Қудрат Базарбаевич ҳамда ходимларнинг оила аъзолари сўзга чиқишиб, намойиш этилган ушбу видеофильмдан ҳар бир ходим ўзига тегишли бўлган хулоса чиқариб олишлари тўғрсида таъкидлаб ўз фикр мулоҳазаларини учрашув иштирокчиларига билдириб ўтишди.

Тадбир сўнгида хизмат фаолияти давомида ижобий натижаларга эришиб ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳ ходимларнинг ота-оналарига вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.

Text to speech