11 Феврал 2024 йил 504

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи Шўрчи туманида алоҳида тоифада турувчи ёшлар билан учрашув ўтказиб, уларнинг муаммоларини ўрганди.

Куни кеча Шўрчи туманидаги Шўрчи дон маҳсулотлари масъулияти чекланган жамияти мажлислар залида Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Исмаилов Тимур Камалатдинович томонидан туманда қизил тоифага киритилган маҳаллада истиқомат қилувчи ички ишлар органларида алоҳида тоифадаги ҳамда Пробация ҳисобида турган ёшлар билан учрашув ўтказилди.

Учрашувда, туман ҳокими Зокиров Улуғбек Хуррамович, сектор раҳбарлари, таълим муассаса раҳбарлари, идора ва ташкилотлар, Ёшлар иттифоқи, маҳалла еттилиги иштирок этишди.

Даставвал, Шўрчи туманида жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган масалалар юзасидан ўрганишлар олиб борилди.

Туманнинг 12 ой якуни билан 53 та маҳалланинг 13 таси қизил тоифада қолганлиги,  бундан ташқари, туманда 5 та “Боботоғ”, “Наврўз”, “Дўстлик”, “Бобур” ва “Хайробод” маҳаллалари охирги 3 йилдан буён “қизил” тоифада сақланиб қолаётганлиги танқид остига олиниб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг келгусида криминоген вазиятни барқарорлаштириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида келгусида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишилди.

         Тақдимотда туман ички ишлар бўлими томонидан жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлашнинг янги тизими, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳудудларни камералаштириш ишлари ўрганилди.

Шундан сўнг, қизил тоифадаги 13 та маҳалласида истиқомат қилиб келаётган ёшларнинг муаммолари ўрганилиб, мурожаатлари қабул қилинди.

Учрашув давомида, ёшлар томонидан уй-жой олиш учун субсидия ажратиш, тадбиркорлик фаолиятларини йўлга қўйиш ва кенгайтириш учун кредит маблағлари олиш, ишга жойлашиш, тикувчилик билан шуғулланишлари учун тикув машинкаси, пайвандлаш жиҳозлари олишлари, пробация назоратидан муддатидан илгари озод қилиш ва бошқа масалалар юзасидан мурожаатлари тингланиб, уларга ижобий ечим изланди.

Ўз муаммоли масалаларига ечим излаб келган 188 нафар ёшларнинг
68 га  яқин мурожаатлари тингланиб, 24 таси шу жойнинг ўзида ижобий ҳал этилган бўлса, 20 нафарига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.

Ўрганиш учун муддат талаб этилган 12 та мурожаатларнинг ижроси бошқарма бошлиғи томонидан назоратга олинган бўлса 12 та мурожаат мазмунан кўриб чиқилиш учун тегишли ташкилот ва идораларга юборилди.

Шунингдек, учрашув давомида, бир нафар фуқаролиги бўлмаган шахсга Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги акс этган фуқаролик ID картаси тантанали равишда топширилди.

Ёшлар билан ўтказилган ушбу учрашувдан кўзланган асосий мақсад эса келгусида ушбу тоифадаги ёшларни маънавий дунёқарашини мустаҳкамлаш, уларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш орқали бандлигини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарлик йўлига киришининг олдини олишга қаратилгандир.

Text to speech