Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари ҳузурида, Денов туманида содир этилган жиноят кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Куни кеча Денов туман хокимлиги биносида, муқаддам
судланган шахслар томонидан содир этилган оғир турдаги жиноят муҳокамасига
бағишланган танқидий руҳдаги йиғилиш бўлиб ўтди.
Ўтказилган йиғилишда, Сурхондарё вилояти
ИИБ бошлиғи ўринбосари подполковник Мурод Болтаев, туман сектор раҳбарлари,
масъул идора ва ташкилот вакиллари, таълим муассасаларнинг масъуллари, маҳалла
еттилик вакиллари ва назорат остидаги шахслар, кенг жамоатчилик ҳамда оммавий
ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Мазкур жиноятнинг келиб чиқиш сабаб ва
шарт-шароити ҳақида бошқарма бошлиғи ўринбосари йиғилиш иштирокчиларига қисқача
маълумот бериб, жиноятга сабаб бўлган ҳар бир ҳолат таҳлил этилиб бунда
оиладаги муҳит, қўни – қўшни, маҳалла кўй, қариндошларнинг ҳам салбий
таъсири таъкидланди.
Вилоят ИИБ бошлиғи ўринбосари жиноят содир
этишга мойил бўлган фуқаролар билан тизимли ишлаш бўйича йўлга қўйилган
механизмни ҳаракатга келтирувчилари маҳаллалардаги “еттилик” вакиллари бир
ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатликда фаолият юритмаслиги шу каби кўнгилсиз
воқеаларга сабаб бўлишини ҳаётий мисоллар билан келтирди.
Шу аснода маҳалла еттилигига ҳудудда келиб
чиқаётган муаммо ва турли низоларни ўз вақтида ўрганиб, уларни бартараф этишга
масъул эканликлари уқтирилиб зарурий кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Айтиш керакки, сўнгги йилларда Ўзбекистон
Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижроси доирасида,
ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи орган ҳамда муассасалар
иштирокида жиноят сабабларини ўрганиш, уларни содир этилишига имкон берган
шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларини жойига чиққан ҳолда
«маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тартиби жорий этилган.
Бу амалиёт аввало ҳудуддаги криминоген
вазиятни яхшилаш ва нуронийлар, кенг жамоатчилик вакилларининг огоҳлиги
дахлдорлигини оширишда айни муддао саналмоқда.
Эътиборли жиҳати халқ билан бўлаётган
мулоқотлар жараёнида жиноятчиликни жиловлаш бўйича аҳоли вакилларининг ҳам таклиф ва ташаббуслари ўртага ташланмоқда.