22 Июл 2025 йил 394

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи томонидан Сариосиё туманида жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, Президентимизнинг 2025-йил 3-январдаги ПҚ-1-сон қарорлари ижроси ҳамда қизил тоифадаги маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилаш борасидаги ишлар ўрганилди.

Жорий йилнинг 21 июль куни Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи полковник Тимур Исмаилов криминоген вазияти оғир бўлган Сариосиё туманидаги “Боғиширин”, “Афросиёб” маҳаллаларига ташриф буюриб, амалга оширилган ишларни кўздан кечириб, маҳалла еттилиги аъзолари иштирокида учрашув ўтказди.

Учрашув давомида, маҳалла ҳудудида жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига йўл қўймаслик,  маҳаллани хавфсиз ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.

Шунингдек, жамоат тартибини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилиши масалаларига алоҳида урғу берилди. Бошқарма бошлиғи ушбу йўналишларда олиб борилаётган чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга Президентимизнинг 2025-йил 3-январдаги ПҚ-1-сонли қарори ижроси, ижтимоий профилактика ҳамда маҳалла еттилиги ҳамкорлигида амалга оширилаётган ишлар ҳам ўрганилиб, бу борада  йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Учрашув якунида, бошқарма бошлиғи томонидан туман масъулларига маҳаллаларда фуқаролар хавфсиз яшашлари учун барча чора-тадбирларни амалга ошириш лозимлиги айтилиб,  маҳалла ҳудудини хавфсиз масканга айлантириш бўйича масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берди.

Text to speech