Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг вилоят аҳолисига мурожаати.
Ассалому алайкум,
Азиз воҳадошлар!
Хабарингиз бор, сўнгги 8 йилда Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида улкан ислоҳотлар амалга оширилди.
Бунинг натижасида аввало инсон қадри
улуғланиб, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратилди.
Энг муҳими, ички ишлар органларига елкадош
сифатида бошқа идоралар ва кенг жамоатчиликни ҳам сафарбар этилиши
натижасида ҳудудларда тинчлик таъминланди.
Эндиликда ходимларнинг кунлик фаолияти «Халқ манфаатларига хизмат қилиш» тамойили асосида, жиноят оқибатлари
билан курашиш эмас, балки уларнинг содир
этилишига йўл қўймаслик ва барвақт олдини олишга қаратилди.
Қадрли юртдошлар,
Вилоятимиздаги криминоген вазият бўйича Сизларга “профилактик-огоҳлантирувчи мурожаат” қилмоқчиман.
Давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда – “Маҳалла – тинчлик ва осойишталик пойдевори, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик,
маърифат ва тарбия қўрғонидир”.
Бу эса аҳолини ҳар қандай таҳдидлардан
кафолатли ҳимоя қилиш ҳамда аҳоли орасида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришга
қаратилган ижтимоий-профилактик тадбирларга барчамиз бирдек масъуллигимизни
белгилаб берди.
Ҳозирда “Обод ва хавфсиз маҳалла” тамойили
асосида ҳудудий профилактика инспекторлари томонидан алоҳида
эътибор қаратишимиз лозим бўлган ёхуд ҳуқуқбузарликдан жабрланиш эҳтимоли юқори
бўлган шахсларга берилган хулосаларга асосан муаммолар ўз
вақтида бартараф этилмоқда.
Ўтган
давр мобайнида, Президентимиз томонидан белгиланган қарор асосида ишлаганимиз,
натижада вилоятдаги 723 та маҳалланинг 74 фоизида (533 та) биронта ҳам
жиноят содир этилмади.
“Қизил” маҳаллалар ўтган йилнинг мос даврига
нисбатан
80 фоизга (91/18) камайишга
эришилиб, вилоятимиз Республикада бу кўрсаткич билан ижобий 1 ўринда қайд
этилди.
Шунингдек, ҳудудларда профилактик
чора-тадбирларни кучайтириш мақсадида:
–
мактабларда давоматни электрон назорат қилиш мақсадида “Е-Davomat” электрон платформаси, Оилавий (маиший) тазйиқ ва зўравонлик бўйича ўз вақтида ички ишлар органини
хабардор қилиш мақсадида “Қўшни назорати”
тизимлари Сурхондарё тажрибаси сифатида жорий
этилди.
– Ахборот теҳнологиялари
йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, аҳолининг айрим тоифаларига
замонавий психологик ёрдам кўрсатиш мақсадида Термиз давлат университети билан Меморандум имзоланиб ижрога қаратиди.
9 ойда содир этилган
жиноятларнинг 96 фоизи “иссиқ изи”дан фош
этилди;
Айниқса, олди олиниши лозим бўлган жиноят
турларидан безорилик, транспорт воситасини
олиб қочиш, босқинчилик,
тан жароҳати етказиш,
ўғрилик, талончилик, фирибгарлик, ўлим билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси каби жиноятларнинг камайишига эришилди.
Амалга оширилган
тезкор-қидирув тадбирлар натижасида:
– 400 нафар қидирувдаги шахслар ушланиб, жазо
муқаррарлиги таъминланди;
– қанчадан-қанча одамларнинг ҳаётига зомин бўлаётган
1 тоннадан ортиқ (1 028
кг 426,1 гр) гиёҳвандлик
моддаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилди.
– жамоат жойларида юрган шахслардан, ноқонуний 2 минг 260 га яқин совуқ
қуроллар олинди;
– ўтказилган
текширувлар натижасида фуқаролардан
164 та ўқ-отар ва пневматик қуроллар олиб қўйилди.
Бундан ташқари, турли мудҳиш жиноятларга сабаб бўлиши
мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни содир этганлиги учун
93 мингдан ортиқ (93035) шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
– 4 минг 245 нафардан ортиқ спиртли ичимликка ружу
қўйган, 531 нафар гиёҳванд ва 384 нафар руҳий касаллар даволаниш муассасаларига жўнатилди;
– муайян яшаш жойига эга бўлмаган 34 нафар
шахслар реабилитация марказига
ва қаровсиз қолган 467 нафар вояга етмаган болалар ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
Белгиланган тизим асосида ишлашга ўтганимиз натижасида, ҳар иккинчи жиноят ходимларнинг ташаббуси билан аниқланди.
Лекин, бу билан ортиқча хотиржамликка берилмасдан, ҳар биримиздан доимо огоҳ ва сергак бўлишни, вазиятни тўғри
баҳолашни, ҳар қандай ҳолатда ҳам беэътибор бўлмасдан хизмат олиб боришни талаб этади.
Жумладан, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш борасида ишларни
жадаллаштириш мақсадида, жорий йилнинг 17 сентябрь кунидан 07 октябрь кунига қадар ҳудудларда “Долзарб 20 кунлик” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбири ўтказилди.
Шу ўринда,
фуқароларимиздан доимо ҳушёр бўлишларини, хонадон, уй ҳайвонлари ва бошқа
кўринишдаги мол-мулклари қаровсиз ва очиқ қолдирмасликларини, ҳар қандай шубҳали шахслар найрангларига учмасликни ва албатта
шахсий хавфсизлигига эътиборли бўлишларини сўраб қолардим.
Азиз дўстлар.
Ҳозирги глобал замонда техника асри шиддат билан ривожланиб бормоқда. Бу эса ҳар қандай соҳа ва фаолиятнинг мос равишда такомиллашиб боришига сабаб бўлади.
Бундай ўзгаришлар ички
ишлар органлари тизимида ҳам амалга оширилиб, у хоҳ реал,
хоҳ виртуал ҳаётда бўлсин, аввало фуқароларимизнинг
ҳақ-ҳуқуқлари ва уларнинг мол-мулклари дахлсизлигини ҳар қандай таҳдиддан ҳимоя
қилиш учун барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.
Сўнгги йилларда, кибер
макондан ғаразли мақсадларда фойдаланаётган шахслар сони ортиб бораётганлиги ва
кўплаб фуқароларимиз уларнинг жиноий “тузоқларига” тушиб қолаётганлиги айни ҳақиқат.
Хўш, ҳар бир фуқаро
бундай вазиятда ўзини ҳимоя
қилишнинг қандай йўлларини билиши лозим?
Биринчидан, банк карталарингизга оид маълумотларни айниқса, СМС орқали келган кодларни ҳеч кимга, ҳатто ўзини
банк ёки компания ходими сифатида
таништирган тақдирда ҳам берманг.
Иккинчидан, интернет
рекламасига ишонишдан ҳамда турли лотереяларда иштирок этишдан аввал
ушбу сайт ҳақиқий эканлигига ишонч ҳосил қилиш, нима бўлганда ҳам шахсий маълумотларингизни
бегоналарга тақдим этмаслигингиз.
Учинчидан, ижтимоий тармоқлар орқали “сиз пул ютуғи
ютдингиз”, “Сизга ҳукумат томонидан моддий ёрдам ажратилди”, “Ютуқли лотереяда
иштирок этиш имкониятига эга бўлдингиз” ёки бошқа шулар каби турли шубҳали ҳаволаларга
киришга ундашларига асло ишонманг.
Тўртинчидан, суҳбатдошингиз ишончли туюлиб, сизга катта фойда ваъда қилса ҳам,
бегоналарга ҳеч қандай пул маблағларини ўтказманг, уларга ишонманг, ўзингизни ва яқинларингизни
фирибгарлардан сақланг.
Бундай “уддабурон”ларга қарши курашиш ва уларни ўз вақтида фош этиш мақсадида, вилоят Ички ишлар бошқармасида фаолият кўрсатаётган Рақамли технологиялар ва ҳуқуқий статистика хизмати мутахассислари томонидан кескин кураш олиб борилмоқда.
Ҳурматли воҳадошлар,
Ҳар биримиз, Тинчлик – бебаҳо
неъматлигини ҳис этиб, ватанимиз
мустақиллиги ва халқимиз фаровонлигини кўз
қорачиғидек сақлашимиз керак.
Шу ўринда,
юқоридаги ҳолатлар жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, содир
этилиши мумкин бўлган салбий ҳолатларга барҳам бериш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни
жиловлашда барчамиз бирдек масъул эканлигимизни ҳам эслатиб туради.