12 Декабр 2023 йил 1463

Сурхондарё вилояти Ички ишлар органларининг офицерлик ва сафдорлик лавозимларига хизматга қабул қилинган ходимлар билан сайёр бошланғич касбий тайёргарлик ўқув йиғинлари ташкил этилди

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 27 августдаги “Ички ишлар органларида узлуксиз ўқув-карера жараёни тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги буйруғи ҳамда Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг офицерлик ва сафдорлик лавозимларига танлов асосида хизматга қабул қилинган ходимлар билан Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг 2023 йил 10 декабрь кунидаги тегишли фармойишига асосан, жорий йилнинг 11 декабр кунидан 2024 йилнинг 11 январ кунига қадар Жанубий-оператив қўмондонлиги тасарруфига кирувчи ҳарбий қисм ўқув базасида бошланғич касбий тайёргарлик ўқув машғулотлари ўтказилмоқда.

Мазкур ўқув йиғинини ташкил этишдан асосий мақсад, вилоят ички ишлар органларига тўғридан-тўғри танлов асосида қабул қилинган ходимларнинг бошланғич касбий кўникмаларини шакллантириш, фуқаролар билан мулоқот жараёнида касбий маҳорати, тезкор қарор қабул қилиш, вазиятни тўғри баҳолаш ҳамда муомала маданиятини янада оширишдан иборатдир.

Ўқув йиғинларини самарали ташкил этишда, соҳавий хизматларнинг амалий тажрибага бой ва юқори малакага эга илмий-педагог ходимлар ҳамда мутахассислар шунингдек, ҳарбий қисмнинг малакали ҳарбий хизматчилари жалб этилган.

Жорий йилнинг 11 декабр куни бошланғич касбий ўқув йиғинларига жалб қилинган 20 нафар ходимларга вилоят Ички ишлар бошқармаси Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати масъул ходимлари ҳамда ҳарбий қисм ҳарбий хизматчилари томонидан ўқув йиғини олди йўриқномаси ўтказилди.

Ўтказилган ўқув йиғини олди йўриқномада бошланғич касбий ўқув йиғинларига жалб қилинган 20 нафар ходимларга кун тартибига ҳамда ўрнатилган тартиб-интизомга қатъий риоя қилишлари, ўқув дастурида белгилаб берилган мавзуларни тўлиқ ўзлаштиришлари лозимлиги, ўқув йиғини якунида синовлар қабул қилиниши, мазкур синовлардан мувофақиятли ўтган ходимларга белгиланган намунадаги сертификатлар топширилиши маълум қилинди.

Text to speech