28 Август 2025 йил 423

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси “Ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятлар тушунчаси” мавзусида тадбир ўтказилди

Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бошқармаси ташаббуси билан вилоятдаги шаҳар ва туман ички ишлар бўлимларининг ушбу йўналишда фаолият юритувчи ходимлари иштирокида “Ахборот технологиялари соҳасида содир этилаётган жиноятлар тушунчаси” мавзусида ўқув-амалий тадбир ташкил этилди.

Тадбирнинг асосий мақсади — ахборот технологиялари воситасида содир этилаётган жиноятларнинг турлари, уларнинг жамият ва шахс хавфсизлигига таҳдиди, шунингдек, уларнинг олдини олиш ва фош этиш механизмлари ҳақида мутахассислар ўртасида маълумот ва тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Тадбир давомида иштирокчиларга ахборот технологиялари соҳасида кенг тарқалаётган жиноятлар ҳақида қуйидаги муҳим маълумотлар етказилди:

Фишинг (Phishing) — сохта веб-сайтлар ёрдамида фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотларини қўлга киритиш.

Онлайн фирибгарлик — интернет орқали товар ёки хизматлар воситасида фуқароларни алдаш.

Компьютер ёки мобил қурилмаларга рухсатсиз кириш (хакерлик) — турли дастурий воситалар орқали ахборот тизимларига ноқонуний йўл билан кириш.

Шахсий маълумотларни ноқонуний тарқатиш — шахсга оид маълумотларни унинг розилигисиз ошкор қилиш.

Кибербуллинг — ижтимоий тармоқлар ва онлайн платформалар орқали шафқатсиз танқид, таҳдид ёки шантаж йўллари билан шахсга босим ўтказиш.

Тадбирда ходимлар томонидан ушбу жиноятларни аниқлаш, далил йиғиш, ҳуқуқий баҳолаш ва олдини олиш борасида амалий ёндашувлар муҳокама қилинди. Шу билан бирга, жиноятларни фош этишда ахборот технологияларидан самарали фойдаланишнинг долзарб жиҳатлари ҳам кўриб чиқилди.

Шу муносабат билан, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси фуқароларга қуйидагиларни тавсия этади:

Шахсий маълумотларингизни фақат ишончли манбаларда киритинг;

Нотаниш шахслардан келган хабар ва ҳаволаларни очмасдан аввал текширинг;

Сайт ёки мобил илова орқали молиявий операциялар амалга оширишда эҳтиёт бўлинг;

Интернетда шубҳали ҳолатга дуч келсангиз, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилинг.

Ички ишлар органлари томонидан кибержиноятларнинг олдини олиш ва фуқароларни хабардор қилиш бўйича профилактик ишлар мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Text to speech