Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғининг навбатдаги “Оммавий сайёр қабул”и Музработ туманида ташкил этилди.
Юртимизда масъул раҳбарлар томонидан аҳолининг дард-у ташвиши билан яшаш, уларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш бугуннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланди. Шу боисдан юртдошларимизнинг ўз турмушидан ва бугунги кунидан рози бўлиб яшашини таъминлаш ҳар бир раҳбарга алоҳида масъулият юкламоқда.
Фуқаролар томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича келиб тушаётган ариза ва
шикоятларни аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш орқали ҳар томонлама чуқур
ўрганиш ва қонуний ҳал этиш, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя
қилиш, ҳафта давомида кундалик меҳнат фаолияти билан банд бўлган аҳолига
қулайлик яратиш ҳамда мурожаат қилувчиларнинг Ички ишлар органлари
раҳбарлари билан очиқ мулоқот қилишларини осонлаштириш мақсадида, 2025 йил 21
июнь куни Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Тимур
Исмаилов томонидан Музработ тумани Ат Термизий маҳалласи ҳудудидаги Касб-ҳунар
мактаби биносида жисмоний ва юридик шахслар билан “Оммавий сайёр қабул”и
ўтказилди.
Унда вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг ўринбосарлари, тегишли
соҳавий хизмат раҳбарлари, туман ҳокими ҳамда туман масъуллари иштирок этишди.
“Оммавий сайёр қабул” давомида фуқаролар ўзларининг тергов — суриштирув,
ишга қабул қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлиги, фуқароликни расмийлаштириш, оила
турмуш доирасидаги низоларга барҳам бериш, мол-мулк можароси, мулкка зарар
етказган шахсларга чора кўриш, пул олди берди масаласи, ижтимоий кўмак, пробация
ҳисобидан чиқариш ва бошқа турли ички ишлар соҳасига оид масалалар юзасидан
мурожаатлар қилишди.
Қилинган мурожаатларнинг аксарияти жойида ижобий ҳал этилган бўлса,
қолган мурожаатлар соҳавий хизматлар томонидан кўриб чиқиш учун муддат талаб
этганлиги сабабли, ушбу мурожаатларнинг ижроси бошқарма бошлиғи томонидан
алоҳида назоратига олинди.
“Оммавий сайёр қабул” якунида, беш нафар фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистон Республикаси Фуқаролигига тан олинганлиги муносабати билан уларга Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-карталари бошқарма бошлиғи томонидан тантанали равишда топширилиб, уларга самимий эзгу тилаклар билдирилди.