10 Июл 2025 йил 409

Сурхондарё вилояти ички ишлар органларининг таркибий тузилма ва ҳудудий бўлимлари ходимлари ўртасида “Касбий олимпиада ўйинлари” мусобақасининг вилоят босқичи ўтказилди.

Ўтказилган мусобақада иштирокчилар жисмоний тайёргарлик буйича: қўл жанги усуллари, 100 метр, 3000 метр ва 1000 метрга югуриш, тўсин (турник)да тортилиш, ягона тўсиқлар йўлагида бажариладиган умумий назорат машқи бўйича меъёрни бажариш, 100 метрга сузиш, ётган ҳолда таяниб қўлларни букиб-ёзиш, аёл ходималар учун 100 метрга ва 1000 метрга югуриш, куч ишлатиш комплекс машқлари, эркин усулда сузиш ҳамда жанговар тайёргарлик бўйича: амалий ўқ отиш, табел қуролини қисмларга тўлиқсиз ажратиш ва йиғиш каби йўналишлар бўйича ўзаро беллашишди. Шунингдек, иштирокчилар касбий тайёргарлик ҳамда касбий маданият ва хизмат интизоми кодекси бўйича тест саволларига ҳам жавоб беришди.

Бундан кўзланган асосий мақсад ички ишлар органлари ходимларининг касбий тайёргарлигини такомиллаштириш, тизимда хизмат олиб бораётган энг яхши сафдор, сержант ҳамда офицерларни аниқлаш, уларнинг хизмат, жанговар ва жисмоний тайёргарлик бўйича олган назарий билимлари ва амалий кўникмаларини синовдан ўтказиш, ходимларнинг жанговар тайёргарлиги, турли хил жисмоний ва руҳий юкламаларни енгиб ўташдаги маҳорати ҳамда жанговар вазифаларни бажаришга шайлигини текшириш, ходимларнинг муҳим вазифалар ҳамда махсус тадбирларни бажариш чоғида доимий шайлик, ҳаракатчанлик ва ўзаро уйғунликдаги ҳаракатини таъминлаш, тизимда соғлом рақобат ва ўзаро мусобақа муҳитини яратиш, ички ишлар органларида хизмат қилиш олий бурчлигини, Ватанга садоқат, ўз касбига меҳр ҳиссини, хизматнинг профессионаллигини ошириш, ходимларнинг касбий юксалиш, билим ва кўникмаларини оширишга бўлган қизиқишларини шакллантириш, бўлинмаларда жанговар ва жисмоний тайёргарликни оширишнинг узлуксизлигини таъминлаш орқали юқори даражадаги касбий тайёргарликка эга ходимларни танлаб олиш ҳисобланади.

Касбий олимпиада ўйинларининг вилоят босқичида “Энг яхши сафдор”, “Энг яхши сержант”, “Энг яхши кичик офицер”, “Энг яхши катта офицер” йўналишлари ғолиблари Республика босқичида иштирок этишади.

Text to speech