Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти томонидан Термиз шаҳрида тунги фаолият, куз-қиш мавсумига тайёргарлик жараёнлари ўрганилди. Тадбир Президентимизнинг 2025 йил 3 январдаги ПҚ–1-сон қарорлари ижросини таъминлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ҳамда аҳоли осойишталигини мустаҳкамлашга қаратилди.
Дастлаб, вилоят ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари подполковник Акмал Муратов “Саҳоват” маҳалласидаги ҳуқуқ тартибот маскани фаолияти билан танишди. Ушбу маҳаллада фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш ва профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш ишлари кўздан кечирилди. Тунги хизматга жалб этилган ходимлар ва жамоатчилик вакиллари билан суҳбатда “ижтимоий профилактик” тадбирларни манзилли ташкил этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек, “Алпомиш”
маҳалласида жойлашган “24/7” туристик ва гастрономик кўчасида фуқаролар
хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди. Масъулларга
йўл ҳаракати хавфсизлигини кучайтириш, аҳоли кўп тўпланадиган жойларни
камералаштириш ва кибержиноятчиликнинг олдини олиш юзасидан кўрсатмалар
берилди.
Ўрганиш давомида
Президентимизнинг ПҚ–1-сонли қарори ижроси ҳамда “Кибермаданиятни юксалтириш”
ойлиги доирасида маҳалла еттилиги билан ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар
бўйича тавсиялар берилди.
Шундан сўнг, “Ўзбекистон”
маҳалласида жойлашган “Сурхондарё вилоят иссиқлик таъминоти” МЧЖнинг РК–6
марказий қозонхонаси фаолияти билан танишилди. Замонавий “ақлли” технологиялар
асосида фаолият юритувчи ушбу тизим кўп қаватли уйлар ва ижтимоий объектларни иссиқ
сув билан таъминлаб келмоқда.
Шунингдек, “Тупроққўрғон”
маҳалласидаги махсус қабулхонада сақланаётган шахслар учун яратилган шароитлар
ҳамда ходимларнинг тунги хизмат фаолияти ўрганилди.
Ўрганиш якунида аниқланган
камчиликларни бартараф этиш бўйича вилоят ва шаҳар ИИБ масъулларига тегишли
кўрсатмалар берилди.
Ҳозирда вилоятнинг барча ҳудудларида аҳоли осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган тунги фаолият ишлари изчил давом эттирилмоқда.