Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси ҳамда Жанубий оператив қўмондонлиги раҳбарияти томонидан янги ўқув йилига тайёргарлик кўриш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича йўриқнома ўтказилди
Вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ҳамда Жанубий оператив қўмондонлиги ходимлари иштирокида ўтказилган йўриқномада, Ички ишлар бошқармаси, Жанубий оператив қўмондонлиги раҳбарлари иштирок этишди.
Йўриқномада асосий эътибор 2025–2026 ўқув йилининг бошланиши
муносабати билан ташкил этиладиган “Билимлар куни” тадбирларига тайёргарлик ҳолатини
атрофлича кўриб чиқишга қаратилди. Таълим муассасаларида ўтказиладиган оммавий тадбирлар
вақтида фуқаролар, хусусан болалар хавфсизлигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш
мақсадида амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар юзасидан кўрсатмалар
берилди.
Шунингдек, йўриқномада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар
ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, хизмат фаолиятини мувофиқлаштириш, ҳар
бир таълим муассасасида хавфсизликни таъминлашга масъул ходимларни аниқлаш, оммавий
йиғилишлар ўтадиган жойларда назоратни кучайтириш, техник воситалардан самарали
фойдаланиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.
Масъул раҳбарларга жойларда тезкор чоралар кўриш, барча
мактаб ва таълим муассасаларида профилактик текширувлар ўтказиш, хавфсизлик инфратузилмасини
янада такомиллаштириш, шунингдек, аҳоли орасида тушунтириш ишларини кенг йўлга қўйиш
бўйича вазифалар юклатилди.
Ўтказилган йўриқнома якунида Сурхондарё вилоятида янги ўқув йилининг хавфсиз ташкиллаштирилган ҳолда бошланишини таъминлаш учун барча зарур ташкилий ва амалий чоралар белгиланиб, таълим муассасаларига бириктирилган ходимлар хизмат жойига юборилди.