28 Март 2024 йил 260

Сурхондарё вилоят ИИБда хуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ходимлари ўртасида спорт мусобақаси ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ “Динамо” Жисмоний тарбия ва спорт жамиятининг режасига асосан  2024 йилнинг 27-28 март кунлари Термиз шаҳридаги Сурхондарё вилоят ИИБ  спорт мажмуасида  Сурхондарё вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида хизмат ўтаётган  ходимлар ўртасида спортнинг “Юнон-Рум кураши” ва “Эркин кураш” турлари бўйича вилоят биринчилиги мусобақаси ўтказилди.

Спорт мусобақаси муросасиз курашларга бой бўлиб, Сурхондарё вилоятида  хизмат ўтаётган Ички ишлар бошқармаси, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари ходимларидан иборат 3 та терма жамоадан  тўртта вазн  тоифасида  8 нафардан  жами  32 нафар спортчилар иштирок этишди.

Халқаро тоифадаги ҳакамлар томонидан баҳолаб борилган ушбу нуфузли мусобақа натижаларига кўра 1-ўринни вилоят ДХХБ Чегара қўшинлари терма жамоаси,  2-ўринни вилоят ИИБ терма жамоаси,                       3-ўринни вилоят Миллий гвардия  бошқармаси терма жамоаси спортчилари қўлга киритишди.

Ғолиблар Ўзбекистон Республикаси ИИВ “Динамо” ЖТСЖ Сурхондарё вилояти Кенгаши томонидан диплом, медал ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Шу ўринда айтиш жоизки “Динамо” жисмоний тарбия ва спорт жамияти қошида ташкил этилган “Кураш”, “Эркин кураш”, “ДЗЮДО”, “Қўл жанг”, “Триатлон”, “Футбол” , “Юнон-Рум кураши”, “Комбат айкидо” тўгаракларида ҳозирги кунда жами 515 нафар ўсмирлар  мунтазам шуғулланишиб республика ва халқаро мусобақаларда муносиб ўринларни эгаллашмоқда.

Text to speech