Сурхондарё вилояти ИИБда Янги йил байрами олдидан арзонлаштирилган “Савдо ярмарка”си ташкил қилинди
Байрам яқин, ҳадемай барча хонадонларда яхши ниятлар билан Янги йил дастурхони безатилади. Шу боис ҳам барча рўзғорига бозор қилиш тараддудида.
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ҳам ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимлар ва ишчи хизматчилар учун байрам олдидан арзонлаштирилган озиқ-овқат савдо ярмаркасини ташкил қилди. Вилоят ИИБ ҳовлисида ташкил этилган ярмарка расталарида сифатли ва арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, ун, ёғ, шакар, қовун-тарвуз, полиз маҳсулотлари, мева-сабзавотлар, турли яхна ичимликлар, балиқ, мол, қўй ва товуқ гўшт маҳсулотлари, тухум, сут ва бошқа турдаги сар хил маҳсулотлар ўрин олган.
– Ҳамкасбларим билан бирга Янги йил дастурхони учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилдим. Энг муҳими, маҳсулотлар ҳамёнбоб арзон ва сифатли. Энди бозорга бориб, вақтимизни йўқотмаймиз. Бундай яратилган қулайликлардан бошқа ҳамкасбларим қатори мен ҳам мамнунман, шу ўринда ушбу арзонлаштирилган Савдо ярмаркасини ташкил қилиб берган раҳбариятимизга миннадорчилигимни изҳор этаман, – дейди вилоят ИИБ ходими, катта сержант Искандар Хуррамов.
Арзонлаштирилган савдо ярмаркаси вилоятнинг барча шаҳар-туман ички ишлар бўлимларида ҳам ташкил этилмоқда.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.