Сурхондарё вилояти ИИБда 25 нафар ходим уй-жой олишлари учун моддий қўллаб-қувватланди
Президентимизнинг 2022 йил 8 февраль кунидаги 118-сонли “Ички ишлар органлари ходимларини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига кўра, Сурхондарё вилоятида ҳам ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасида бир қатор ижобий ишлар амалга оширилмоқда.
Мисол учун, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 216 нафар ходимлар бир марталик моддий ёрдам пули сўраб мурожаат қилган бўлса, шундан 25 нафар бетоб ходимга 453.080.746 сўм, 40 нафарининг яқин қариндошларини операция қилиш учун 533.040.000 сўм, тўй ва дафн маросимлари учун 127 нафар ходимга 698.614.788 сўм моддий ёрдам берилди. Яна 10 нафарига 26.000.000 сўм миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди. 3 нафарига санаторий-курорт муассасаларида даволаниш ва дам олиши учун 17.295.000 сўм тўлаб берилди. Шу ҳисобда жами 1.728.030.534 сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам пуллари тўлаб берилди.
Шунингдек, енгил автотранспорт воситалари сотиб олишлари учун 15 нафар ходимга 1.218.000.000сўм миқдоридаги пул маблағлари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасида кредит ажратилиши ҳамда 12 нафар ходимга эса жами бўлиб 715.000.000 сўм турар жойни таъмирлаш (реконструкция) қилиш мақсадида фоизсиз қарз ажратилиши юзасидан Марказий комиссияга таклиф киритилган. Ушбу маблағлар ҳам тез кунларда ажратилади.
Албатта, ходимларни уй-жой билан таъминлаш йўналишида амалга оширилган ишларни алоҳида эътироф этишимиз жоиз. Буни олдинги йиллар билан солиштирсак, 2018 йилда 60 нафар, 2019 йилда 30 нафар, 2020 йилда 15 нафар ходимларга Термиз шаҳар ҳудудидан ҳамда 2021 йилда 45 нафар ходимга Денов тумани ҳудудидан ва 27 нафарига Термиз шаҳар ҳудудидан кўп қаватли уйлардан харид қилишлари учун дастлабки тўлов маблағлари ажратилди.
Бу йил эса имкониятлар янаям кенгайтирилиб, 25 нафар ходимга ипотека кредити асосида сотиб олинаётган уйнинг 25 фоизини қайтариб бермаслик шарти билан тўлаб берилмоқда. Ушбу муносабат билан ташкил этилган тадбирда хонадонли бўлган ходимларга тўланадиган пул маблағларининг сертификатлари тантанали равишда топширилди.
Тадбирда ходимларнинг оила аъзолари ва ота-оналари ҳам иштирок этишиб, бундай ғамхўрликдан миннатдор эканликларини билдиришди.
Бошпанали бўлиш киши учун катта бахт саналади. Чунки унда ҳаловат топиб яшаймиз, фарзандларимиз улғаяди. Бугун ички ишлар органлари ходимларига ана шундай бахтга эришишлари учун яқиндан кўмак берилаётгани чинакам ғамхўрликнинг намунасидир.