14 Март 2022 йил 388

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг Шимолий минтақавий ҳудуд бўйича вакили-минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи Узун тумани “Ўрмончи” маҳалласида сайёр қабул ўтказди.

“Ўрмончи” маҳалласи туманнинг тоғли ҳудудларидан бири бўлиб, марказдан 35-40 км олис масофада жойлашган. Ҳозирги кунда ушбу маҳаллада 120 та хонадонда 713 нафар фуқаро истиқомат қилади. Ҳудудда тузилган “Аёллар дафтари”да 12 нафар, “Ёшлар дафтари”да 5 нафар ва “Темир дафтар”да 1 нафар фуқаро қолган. Маҳалла аҳолисининг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланади.
Ташкил этилган Сайёр қабулда, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Шимолий минтақавий ҳудуд бўйича вакили-минтақавий мувофиқлаштириш маркази бошлиғи подполковник М.Хўжаев томонидан фуқаролар мурожаатлари тингланди.
Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Президент портали ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ишонч телефонларига такроран бир неча бор мурожаат қилган фуқароларнинг аризалари кўриб чиқилди. Шундан сўнг, “Ўрмончи” маҳалласида яшовчи фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Мисол учун, О.Султонова маҳаллада тиббий пункт йўқлиги, электр сим ёғочлар ҳам яроқсиз ҳолга келиб қолганлигини билдирди. Мазкур мурожаат туман электр тармоқлари корхонаси томонидан 25 мартгача 50 дона сим ёғоч янгисига алмаштириб бериладиган бўлди. Фуқаролар ичимлик суви муаммосини айтишганда эса ҳолат ўрганилди. Маълум бўлишича, маҳалладан 500 метр пасда сув қудуғи қазилган, аммо сув тортиш насоси йўқлиги сабабли ушбу қудуқ ёпиб қўйилган. Шу куннинг ўзида туман ҳокимлиги қудуққа насос ўрнатиб беришни зиммасига олди.
Маҳалладаги 41-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори С.Қурбонов ўз мурожаатида мактабда синфхоналар етишмаслигини, кутубхона ва спорт зал йўқлиги сабабли ўқувчилар қийналишаётганлигини ўз мурожаатида маълум қилди. Унинг мурожаатига асосан туман халқ таълим бўлими бошлиғига мактаб учун қўшимча бино ва спорт зал қуриш бўйича 2023 йил дастурига киритиш бўйича топшириқ берилди.
Шунингдек, ҳудуддаги 53-мактаб филиали биноси ҳам бутунлай таъмирталаб бўлиб, носоз ҳолга келиб қолган. Маҳалла болалари ҳозирда мактабга бормасдан онлайн тарзда уйидан туриб ўқишмоқда. Аммо, бу болаларнинг ўзлаштиришини анча тушириб юборгани айтилди. Шу сабабли 2021 йилда бирорта ҳам ўқувчи олий ўқув юртига кира олмаган. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлигига зудлик билан вилоят ҳокими ҳамда халқ таълим бошқармаси бошлиғи номига хат чиқариш, ушбу муаммони зудлик билан бартараф этиб, ўқувчиларни дарсга қайтариш чорасини кўриш бўйича топшириқ берилиб, ижроси назоратга олинди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech