5 Сентябр 2022 йил 435

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи Термиз туманидаги мактабда “Биринчи қўнғироқ” тадбирида иштирок этди

Термиз туманида жойлашган 5-сонли умумтаълим мактабида янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида биринчи қўнғироқ тадбири бўлиб ўтди. Унда вилоят ИИБ бошлиғи полковник А.Исмоилов иштирок этиб, таълим муассасасида жам бўлган ўқитувчи ва ўқувчи-ёшларни Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 31 йиллик байрами билан самимий муборакбод этиб, сўнгги йилларда давлатимиз раҳбари томонидан таълим тизимини ислоҳ қилиш, келажак авлодга сифатли ва замон талабига мос тарзда таълим бериш борасида бир қанча фармон ва қарорлар имзоланиб, қўшимча имкониятлар ва шарт-шароитлар яратиб берилгани ҳақида сўз юритди.

Айниқса, вилоятимизда мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб, бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, охирги 5 йил давомида вилоятда 73 та мактаблар ва махсус фанларга ихтисослашган таълим муассасаларининг қурилиб, фойдаланишга топширилиши натижасида 38 мингдан ортиқ ўқувчилар сиғими 51 мингдан ортиқ сиғимга айлантирилди.

Бундан ташқари, вилоятимизда қўшимча 3 та хусусий мактабларнинг очилиши, педагог ходимларнинг 34 минг нафардан 44 минг нафарга етказилиши, мактаб кутубхоналари сонининг 102 тага кўпайтирилиши, ундаги китоблар сонининг 577 минг тага оширилиши, 902 та мактабларнинг тўлиқ компютер жамланмаси билан таъминланиши, 633 та мактабларда спорт залларини қайта реконструкция ёки янгидан қурилиши каби ўзгаришлар  келажагимиз эгалари бўлмиш — фарзандларимиз учун яратиб берилмоқда.

Мисол учун, 2022 йил халқ таълими тизимида жами 88 та умумтаълим мактабларида қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда. Бунинг учун жами 233 млрд 100 млн. сўм маблағлар йўналтирилиши белгиланган.

Вилоятимизда 2019 йилда мактаб битирувчисининг атиги 8,6 фоизи ўқишга кирган бўлса, бу кўрсаткич 2022 йилда 20,4 фоизга етди. Хусусан, 5-умумтаълим  мактабини 2021-2022 ўқув йилида 98 нафар ўқувчилар 11-синфини тамомлаб, уларнинг 28 нафари ўқишга кирди. Жорий йил битирувчиларидан 2 нафари муддатидан олдин талабаликка қабул қилинди, фан олимпиадаларида фаол қатнашиб, 6 нафари туман босқичида фахрли

1,2,3 ўринларни қўлга киритиб, вилоят босқичига фаол иштирок этди.

Энг қувонарлиси, мактаб ўқувчиларининг спорт йўналишида ҳам вилоят ва Республика турнерларида фаол қатнашиб, Ўзбекистон чемпионлари бўлиб келишмоқда.

Жумладан, жорий йилда спортнинг Самбо йўналиши бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионатида ўз вазнида 11-синф битирувчиси Аллаёрова Сумбула 1-ўринни ва 11-синф ўқувчиси Рўзиев Хайитбек учинчи ўринни эгаллаган.

Бундан ташқари, 8-синф ўқувчиси Абилова Мадина, 9-синф ўқувчиси Яшинова Сабрина, 10-синф ўқувчилари Нормўминова Нурфиза, Болтаева Дилдора, Кенжаева Комилалар ҳам инглиз тили йўналиши бўйича ўтказилган туман кўрик-танловида фахрли учинчи ўринни эгаллаб қайтишди.

Бундай ютуқларни кўплаб келтириш мумкин. Бу ютуқлар эса мактаб жамоаси ҳамда узтозларининг машаққатли меҳнатлари ва изланишларининг самарасидир, дея таъкидлади А.Исмоилов.

Тадбирдан сўнг, ўқувчиларнинг бадиий чиқишлари барчани хушнуд этди. Сўнгра, биринчи қўнироқ чалингач, мустақиллик дарслари ўтилиб, биринчи синфга қабул қилинган болажонларга Президент совғаси - ўқув қуроллари солинган мактаб сумкалари тарқатилди. Бундай тадбир воҳамизнинг барча ҳудудларида шундай кўтаринки руҳда ўтказилмоқда.

Text to speech