Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғининг Янги йил байрам табриги
Ассалому алейкум, қадрли юртдошлар!
Мана 2022 йил ниҳоясига етиб, янги 2023 йилга қадам қўймоқдамиз. Аввало, ўтган бир йил давомида мамлакатимизда ва одамлар ҳаётида катта ўзшаришлар юз берди. Янги Ўзбекистон тарихида Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар – биргина мақсад сари, яъни халқни рози қилиш ва уларга яқиндан хизмат кўрсатишга йўналтирилди.
Ушбу тизим асосида олиб борилган профилактик ишлар натижасида, 11 ойда вилоятдаги 723 та маҳалланинг 277 тасида ёки 38,3 фоизда биронта ҳам жиноят содир этилмади.
Шунингдек, амалга оширилаётган тезкор тадбирлар натижасида инсон ҳаёти билан боғлиқ ўта оғир оқибатли жиноятларнинг олди олинди. Қолаверса, вилоятда ички ишлар органларини замонавий қиёфасини шакллантириш, ходимларнинг самарали хизмат олиб бориши учун зарурий шароитлар яратиш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилди.
Жумладан, вилоят Ички ишлар бошқармаси Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси, Ёпиқ спорт мажмуаси, Аниқ яшаш ва иш турига эга бўлмаган шахсларни реабилитация этиш маркази, Денов ҳамда Бандихон туманлари ички ишлар органларининг замонавий шароитларга эга бўлган маъмурий бинолари қурилди.
Шунингдек, Қумқўрғон тумани Ички ишлар бўлими маъмурий биноси мукаммал таъмирланиб, фойдаланишга топширилди.
Эл осойишталиги учун бел боғлаган ички ишлар органлари ходимлари учун муносиб шароит яратиш мақсадида ҳар бир ходим ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий химоя қилиш тизими йўлга қўйилди. Натижада, шу кунга қадар турли муаммолари мавжуд бўлган 280 нафар ходимларнинг мурожаатлари ўрганилиб, уларга 2 млрд. 63 млн. сўмдан ортиқ бир марталик моддий ёрдам пули ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Албатта, бу натижалар қувонарли, бироқ эндиликда 2023 йилда ҳам катта режаларни амалга оширишни мақсад қилмоқдамиз.
Давлатимиз раҳбари 2023 йилни – “Инсон қадри ва сифатли таълим йили”- деб, эълон қилди. Эндиликда, ушбу соҳада бошланган ислоҳотлар давом эттирилиб, таълим сифатини ошириш учун барча имкониятлар сафарбар этилади. Бу йўлда қонун устоворлигини таъминлаш, одамларнинг давлатдан рози бўлиб яшаши учун Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари астойдил меҳнат қиладилар!
Азиз юртдошлар!
Ниҳоясига етаётган 2022 йилнинг остонасида туриб, барчангизни Янги йил байрами билан самимий табриклайман. Янги йилда барчангизнинг хонадонингизда тинчлик ва осойишталик ҳукмрон бўлсин. Қут-барака, хурсандчилик ва катта ютуқлар олиб келсин! Байрамингиз муборак бўлсин!
А.С.Исмоилов,
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник