11 Июл 2024 йил 556

Сурхондарё тажрибаси сифатида низоли, нотинч ва ажрим ёқасидаги оилалар яраштирилмоқда.

Сурхондарё вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ташаббуси билан Сурхондарё тажрибаси сифатида вилоятнинг барча маҳаллаларини жиноятдан ҳоли ҳудудга айлантириш мақсадида, Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан жорий йилнинг 6 июль куни “Маҳалла ҳудудида, хотин-қизлар  ҳамда оила-турмуш доирасидаги жиноятларни олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарор имзоланди.

Ушбу қўшма қарорга асосан вилоят ҳудудида 10-июл кунидан 10-август кунига қадар вилоят миқиёсида кенг қамровли “Низолашаётган оилаларнинг муаммоларини бартараф этиш" кенг қамровли профилактик тадбири асосида, жойларда низолашаётган оилалар билан уларнинг муаммоларини бартараф этиш юзасидан сайёр қабуллар ташкил этилиши режалаштирилган.

Куни кеча шу мақсадга қаратилган “Сайёр қабул” Термиз шаҳрининг “Жўйжангал” маҳалласида ташкил этилди. Мазкур “Сайёр қабул”да вилоят хокимининг ўринбосари, вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари, Термиз шаҳар ҳокими, Термиз шаҳар ИИБ бошлиғи ҳамда бошқа мутасадди идора ва ташкилот раҳбарлари иштирок этишди.

“Сайёр қабул”да Термиз шаҳрининг 3-секторида истиқомат қилувчи низоли оилаларнинг муаммолари ўрганилиб, аниқланган муаммоларнинг аксарияти қабул давомида ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Айрим ажрим ёқасига келиб қолган оилаларнинг жанжалига барҳам берилиб яраштирилган бўлса, баъзиларига ярашиш учун қўшимча муҳлатлар берилди.

Ушбу “Низолашаётган оилаларнинг муаммоларини бартараф этиш" “Долзарб бир ойлик” тадбири давомида, оила-турмуш муносабатлари доирасида низолашиб келаётган, профилактик ҳисобда турган, ажрим ёқасига келган, сурункали равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилувчи шахсларнинг рўйхатлари шакллантирилиб, ушбу оилалардаги ижтимоий-маънавий, тарбиявий муҳит "маҳалла еттилиги" билан ҳамкорликда чуқур ўрганилиши, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар, ижтимоий ёрдамлар кўрсатилиши, ишсизларни ишга жойлаштириш ҳамда бошқа турдаги муаммоларини ҳал қилиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонлик қурбонига айланишини олдини олиш мақсадида нотинч ва низоли оилаларнинг рўйхатларини шакллантириш орқали улар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилади.

Турмушдаги келишмовчиликлар, айниқса, рашк, мол-мулк талашиш билан боғлик масалалар тўғрисида олинган хабарлар ҳамда фуқароларнинг ариза, шикоят ва мурожаатларига алоҳида эътибор қаратилиб, уларни ижобий ҳал этилиши, оила-турмуш муносабатлари доирасида жиноят ва маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганлиги учун ички ишлар органлари ва маҳалла профилактик ҳисобига олинган шахслар билан олиб борилаётган профилактик ишларни кучайтириш орқали, уларнинг оиласидаги соғлом турмуш-тарзини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланади.

Соғлиқни сақлаш муассасалари ҳисобида турган шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида тиббиёт муассасалари билан бевосита ахборот алмашиш тизими ташкил этилиб, ушбу тоифа шахслардан руҳиятида кескин ўзгариш кузатилганлари билан тегишли мутахассисларни жалб этган ҳолда профилактик тадбирлар амалга оширилиб борилади.

Хотин-қизлар томонидан содир этган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг сабаблари (моддий етишмовчилик, ишсизлик, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш ва бошқалар)ни аниқлаш, одоб-ахлоқ доирасида ҳуқубузарлик ва жиноят содир этган хотин-қизларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб, ўрганиш давомида аниқланган ижтимоий муаммоларини бартараф этиш орқали соғлом турмуш-тарзига қайтариш чоралари кўрилади.

Бундан ташқари ижтимоий оғир аҳволда бўлган хотин-қизлар билан профилактик суҳбатлар ўтказилиб, руҳиятида ўзгариш бўлган,  тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларни "Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш марказлари"га жойлаштириш, доимий тарзда низолашиб келаётган, ажрим ёқасига келган, турмуш ўртоғи узоқ муддатга хорижий давлатларга чиқиб кетган, Ички ишлар органларининг профилактик ҳисобида турган, сурункали равишда спиртли ичимликлар истеъмол қилувчи оилаларнинг муаммоларини аниқлаш ва барвақт олдини олиш мақсадида ҳар бир шаҳар-туман кесимида ишчи гуруҳ раҳбарлари иштирокида сайёр қабуллар ўтказилиши ҳамда ўтказилган “Сайёр қабул”ларда уларни қийнаб келаётган муаммоларига қонунда белгиланган тартибда, ижобий ечимлар изланиши назарда тутилади.

Text to speech