Сурхонда ўқитувчи вояга eтмаган қизни зўрлаб, уятсиз видеоларини интернетга тарқатдими!? –мавзусида ижтимоий тармоқларда видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Жорий йилнинг 10 октябрь куни Бойсун тумани “Дубай” маҳалласида яшовчи (жой номи ва шахсларнинг исми шарифи ўзгартирилган) фуқаро Акрамов Нурали Бойсун туман ИИБга йўллаган аризаси юзасидан туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари олиб борилган.
Текширув ҳаракатлари натижасига кўра, 2022 йил 25 сентябрь куни соат 22лар чамасида туманинг “Дубай” маҳалласида яшовчи 1997 йилда туғилган, тумандаги мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи Соатов Низом Баходирович шу маҳаллада яшовчи вояга етмаган 2005 йилда туғилган (17 ёш) Тошева Фарида Нурали қизи билан маҳалла ҳудудидаги боғда учрашиб, вояга етмаган Ф.Н.Тошевага нисбатан уятсиз, бузуқ, ғайри-ижтимоий ҳаракатлар қилиб, ушбу ҳолатни ўзига тегишли уяли телефон аппаратига видеотасвирга олиб, ведеотасвирни орадан 3 кун ўтиб, маҳалла фуқароларининг “Дубай” номли телеграмм гуруҳига тарқатиб, вояга етмаган Ф.Н.Тошеванинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш орқали қасддан таҳқирлаб, ҳақорат қилганлиги аниқланган.
Судга оид тиббий-экспертиза текшируви бўйича, вояга етмаган Ф.Н.Тошевага нисбатан зўрлик ишлатиб, номусга тегиш ёки жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш аломатлари аниқланмаган
Мазкур ҳолат юзасидан 10.11.2022 йилда Бойсун туман ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан фуқаро Соатов Низом Баходирович ҳаракатларида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 140-моддаси 2-қисми (Ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан интернет жаҳон ахборот тармоғига жойлаштириш орқали қасддан таҳқирлаб, ҳақорат қилиш)да назарда тутилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Судга оид тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, Соатов Низом Баходировичнинг танасида бирор бир тан жароҳати ёки ундан қолган излари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Вилоят ИИБ томонидан фуқаро Н.Соатовга нисбатан Бойсун тумани ИИБ ходимлари томонидан ноқонуний хатти-ҳаракатлар содир этилган ёки содир этилмаганлигини аниқлаш мақсадида, хизмат текширув олиб борилмоқда.
Маълумот учун айрим ижтимоий тармоқ фаоллари журналист ва блогерлардан Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонунининг 6-моддасида журналистлар мажбуриятларининг 3-бандида ўз касбида фаолиятни амалга ошириш чоғида ўзи тайёрлаётган материалларни тўғри ёки нотўғри эканлигини текшириш ва ҳолис ахборот тақдим этиши шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр қимматини ҳурмат қилиши шартлиги белгилаб ўтилганлигидан келиб чиқиб, ҳолатни бўрттириб талқин қилмасликларини, инсоннинг шаъни ва қадр- қимматини камситувчи маълумотларни унинг рухсатисиз ҳамда ушбу ҳолат юзасидан тергов олди текширув ва тергов ҳаракатлари олиб бораётган органнинг розилигисиз тарқатмасликларини сўраб қоламиз.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати