6 Октябр 2025 йил 182

Сунъий интеллект ва таълим тараққиёти йўлида муҳим ҳамкорлик

Бугунги кунда ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланди. Айниқса, таълим соҳасида замонавий инновацион ечимларни жорий этиш, ёшлар онгига илғор ғояларни сингдириш ва уларни замон талабига мос мутахассис сифатида тайёрлашда ахборот технологияларининг ўрни беқиёсдир.

Шу мақсадда Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси биносида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Тимур Исмаилов ва Термиз давлат университети ректори профессор, Абуқодир Тошқуловлар ўртасида “Ахборот технологиялари, таълим, психологик, ижтимоий ҳамда маънавий-маърифий ишларни амалга ошириш соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорлик”ни кўзда тутувчи Меморандум имзоланди.

Мазкур ҳамкорлик ҳужжати амалдаги қонунчилик асосида ишлаб чиқилиб, икки томон ўртасида узвий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўқув-амалий жараёнларга замонавий ахборот технологияларини кенг татбиқ этиш, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамда талаба-ёшлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этишни мақсад қилади.

Меморандум доирасида қуйидаги йўналишларда ҳамкорликда амалий ишларни олиб бориш кўзда тутилган:

ахборот теҳнологиялари ва соҳада сунъий интеллектни жорий этиш йўналишида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш;

талабаларнинг олган назарий билимларини амалиётда қўллай олиш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида Ички ишлар бошқармаси ва университет ўртасида дуал таълимни йўлга қўйиш;

катта тажрибага эга бўлган мутахассисларни жалб қилган ҳолда замонавий психологик ёндашувлар, илмий асосланган психокоррекция ва реабилитация усулларини жорий қилиш орқали аҳолининг айрим тоифалари билан ҳамкорликда тизимли ишлаш ва қонунчиликда тақиқланмаган бошқа соҳаларни ўзи ичига олади.

Бу ҳамкорлик нафақат икки муассаса фаолиятини, балки бутун вилоятдаги таълим ва ҳуқуқ-тартибот соҳасидаги ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилишага ҳамда келгусида амалий натижалар беришига ишонч билдирилди.

Тадбир якунида, 1 октябрь - “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами муносабати билан бошқарма бошлиғи томонидан Термиз давлат университети ректорига байрам совғаси тантанили равишда топширилди.

Text to speech