16 Сентябр 2022 йил 2562

Спорт саломатлик элчиси

Моҳиятан, спорт саломатлик гарови эканини барчамиз яхши биламиз. Шу боис, Ўзбекистонда спорт билан шуғулланиш оммавий тус олмоқда. Соғлом турмуш тарзига амал қилаётган юртдошларимиз сони кун сайин кўпайиб бораётгани ҳам фикримиз далили. Президентимизнинг 2020 йил 30 октябрдаги “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони эса бу борадаги ҳаракатларимизга янги руҳ бағишлади. Қиш бўлишига қарамай, эрта тонгдан хиёбону кўчаларда югуриб, чиниқаётган одамларни кўп учратяпмиз. Бугун ҳарбийлаштирилган тизим ходимлари ўртасида ҳам спорт билан мунтазам шуғулланиш авж олган. Турли спорт мусобақалари ўтказиш оммалашмоқда.

Таъкидлаш жоизки, давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг иккинчи йўналиши – ёшларни жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратилаётгани кейинги йилларда оммавий спорт тадбирларини ўтказишга кенг йўл очмоқда.

Спорт (инг. спорт – ўйин) жисмоний маданиятнинг таркибий қисми, жисмоний тарбия воситаси ва усули, жисмоний машқларнинг турли мажмуалари бўйича мусобақалар ташкил этиш, тайёрлаш ва ўтказиш тизимидир.

Ибн Сино “Тиб қонунлари” асарининг биринчи китобида жисмоний машғулотни кишининг ёшига, соғ-саломатлигига ва касаллигига қараб, турлича шакл ва усулларда ўтказиш кераклигини таъкидлайди. Ибн Сино жисмоний тарбия тўғрисида фикр юритар экан, уни ташкил этишда кишиларнинг турли ёши ва жинсини ҳам ҳисобга олиш кераклигига алоҳида эътибор қаратади. Мамлакатда жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, оммавий соғломлаштириш ҳаракатларини тарғиб қилиш, халқаро майдонларда ҳам юртимиз нуфузини ошириш борасида қилинаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек ҚОСИМОВ билан суҳбатлашдик.

— Спорт ҳақида гап кетганида, аввало, олимпия ҳаракати ғояси, мақсад ва вазифалари ҳақида айтиш ўринли. Асосий ғоя, бу — биринчидан, аҳоли ўртасида жисмоний тарбия ва спортни кенг тарғиб қилиш ҳамда оммалаштириш, — дейди О.Қосимов. — Барча мамлакатларда ҳам жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ёки давлат бош қаруви шаклидаги муассаса бўлмаслиги мумкин, лекин Халқаро олимпия қўмитасининг ташкилотлари бутун дунёда бор. Бу олимпия ҳаракати асосида жисмоний тарбия ва спортни оммалаштириш, шу орқали аҳолининг барча қатлами саломатлигини мустаҳкамлаш учун зўр имконият, дегани.

“Ўзининг ривожланиш жараёнида спорт шундай юқори чўққиларга кўтарилдики, кўрсатилган натижани ёки бир спортчининг бошқасидан устунлигини объектив баҳолаш ва аниқ белгилаш борган сари мураккаблашиб бормоқда. Спортнинг ҳар бир турида муайян қоидалар мавжуд бўлиб, уларга мос равишда спортчилар ҳаракатланадилар, спорт кураши олиб борилади, ҳаракатга баҳо берилади, натижа ва ғолиб аниқланади.” Спорт бу ҳеч бир одамни бефарқ қолдирмайдиган ижтимоий ҳодисадир. Шу билан бирга спорт бу имкониятларнинг энг юқори чегарасида натижаларни намоён қилишга спорт курашида ғолибликка ҳалол ва пок йўл билан интилишдир.

Text to speech