Сохта пушаймонлик...
Денов туманида 2021 йилнинг 13 март куни, вилоят ИИБ Жиноят қидирув ҳамда Терроризмга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан туманнинг “Файзобод” маҳалласи ҳудудида ўтказилган ҳамкорликдаги тадбири давомида, шу маҳаллада яшовчи, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан судланган, К.А. мижозга 2 дона гугурт қутига жойланган 7,14 гр “Марихуана” гиёҳвандлик моддасини 600.000 (олти юз минг) сўмга сотаётган вақтида ушланган ва ашёвий далил олинган.
К.А. илгари ҳам айнан шу оғир турдаги жиноятни содир қилиб, ўз қилмишига яраша жазосини олганлигига қарамасдан, ўзига тўғри хулоса чиқармайди. У такрор ушбу жиноятни содир этиши эса “ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” қабилидаги қилмишдан далолат. К.А.нинг қилган қилмишларидан пушаймонлиги, афсуслари сохта бўлиб чиқди.
Мазкур ҳолат юзасидан, 16 март куни К.А.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 273-моддаси 2-қисми (гиёҳвандлик воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати