9 Апрел 2020 йил 807

Сиз уйда ўтиринг, пенсия пулингизни биз олиб борамиз

Сурхондарё вилоятида ҳам пенсионер ва нафақа олувчиларга нақд пулларни уйма-уй тарқатиш жорий этилди. Бу жараёнда бериладиган нақд пуллар махсус пакетларда ўз эгаларига топширилмоқда.

Пандемия дунё бўйлаб одамларга чанг солаётган шу кунларда мамлакатимизда пенсия ва нафақа пулларини яшаш манзилларига олиб бориб беришнинг жорий этилгани катта ёшдаги ва сурункали касали мавжуд инсонлар ўртасида вирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган муҳим чоралардан биридир. Шунингдек, уларнинг уйдан ташқарига чиқмай карантин қоидаларига тўлиқ амал қилишларида муҳим аҳамият касб этади.

Воҳада мингдан ортиқ пенсияга чиққан ички ишлар органлари ходимлари тўкин ҳаёт кечирмоқда. Вилоят ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари собиқ осойишталик посбонларининг апрель ойи пенсия пулларини белгиланган санитария-гигиена қоиларига риоя этган ҳолда ўзларига топширмоқда.

–Шу кунгача 840 дан ортиқ пенсионеримиз нақд пулни ўз уйида қабул қилиб олди, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Бу эзгу ишни бошқарманинг молия ва моддий техника таъминот хизмати пенсия таъминоти бўлими масъул ходимлари юртимизда жорий этилган карантин талабларига мувофиқ амалга ошираётир. Кўрсатилаётган бундай эътибор ички ишлар органлари пенсионерлари томонидан карантин қоидалари бузилишининг олдини олиш баробарида уларнинг ўз-ўзини ҳимоя қилиш тизимига амал қилиб, ўзлари ва яқинларини кўзга кўринмас офатдан сақлашга қулай имконият яратмоқда.

Вилоятда пенсионер ва нафақа олувчиларга апрель ойи нақд пулларини топшириш давом этмоқда.

Text to speech