22 Июл 2022 йил 592

Шўрчилик шахс томонидан содир этилган жиноят кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 21 июл куни Шўрчи туман хокимлигида шу туманда яшовчи шахс томонидан содир этилган жиноят муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари И.Кетмонов йиғилишдан кўзланган мақсад юз берган воқеанинг сабаб ва омилларини муҳокама қилиш ва бундан тегишли хулоса чиқариб, келгусида бундай жиноятларнинг олдини олиш учун кенг жамоатчилик вакилларига тушунтириш эканлиги таъкидланди.

Шундан сўнг, Шўрчи туман ИИБ бошлиғи подполковник Д.Қурбонов жиноят тафсилотлари ҳақида сўзлаб берди.

Маълум бўлишича, Шўрчи тумани “Бунёдкор” маҳалласида яшовчи, вақтинча ишсиз, муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми билан судланган М.О Термиз шаҳрида яшовчи З.Шодиқулов бошқарувидаги “Матиз” русумли машинани тўхтатиб, “Автомашина бозори”га олиб боришини айтиб, йўлга чиқишган. Бироз йўл юришгач эса, ҳайдовчи билан тортишиб қолган М.О ёнидаги хўжалик пичоғи билан хужум қилиб, З.Ш га оғир тан жароҳати етказиб, машинани олиб қочган. Ҳаракатланиш давомида бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги устунга бориб урилган М.О машинани ҳодиса жойига қолдириб, ўзи қочиб кетади. Жиноятга жазо муқаррар эканлигини инкор этиб бўлмаганидек, М.Онинг қилмиши ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларининг саъй-ҳаракатлари билан қисқа фурсатда фош этилган.

Муҳокама жараёнида Шўрчи туманининг “Тамаддун”, “Конабод” маҳалласида содир этилган жиноят тафсилотларига ҳам тўхталиб ўтилди.
Муҳокама якунида жиноятчиликка қарши кураш, уларнинг барвақт олдини олиш борасида тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилиб, бу борада хато ва камчиликка йўл қўйган масъуллар фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилиши бўйича қаттиқ огоҳлантирилди.

Text to speech