29 Декабр 2022 йил 417

Шўрчида муҳтожларга байрам совғалари улашилиб, муаммоларига ечим топилмоқда

Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи, 3-сектор раҳбари полковник А.С.Исмоилов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Шўрчи туманидаги назорат тадбирларини давом эттирмоқда.  

Жумладан, ишчи гуруҳ вакиллари Янги йил арчаси ўрнатилган “Чароғон” истороҳат боғи ҳудуди ободонлаштирилиб, йўлаклар тозаланиб, арчанинг атрофига тўлиқ асфалт ётқизилди. Шунингдек, масъуллар билан биргаликда “Наврўз” маҳалласида жойлашган Тиббиёт бирлашмасининг туғруқхона бўлимига борилди.

Туғруқхона бўлимининг ён атрофлари, кириш йўлаклари чиқиндилардан тозаланиб, шифохонанинг ҳовлисида  ободонлаштириш ишлари олиб борилди.

Шундан сўнг, туманнинг 1-сектор раҳбари Б.Худойберганов билан биргаликда, олис ҳудудлардан бири “Олий-ҳиммат” маҳалласи ҳудудида яшовчи ижтимоий ҳимояга муҳтож Дилором Нормуродованинг ҳолидан хабар олинди. Аёлнинг қарамоғида 6 нафар фарзанди бўлиб. турмуш ўртоғи Россия Федерациясига ишлашга кетган. Унинг яшаш шароити ўрганилиб, фарзандлари учун янги йил совғалари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотлари берилди.

Худди шундай 1-сектор раҳбари Б.Худойберганов билан биргаликда, шу маҳаллада яшовчи 1-гуруҳ ногирони Д.Сайидованинг ҳам яшаш хонадонига борилиб, Янги йил совғалари, озиқ-овқат маҳсулотлари берилди. Шу маҳаллада яшовчи Темир дафтарга киритилган Зилола Норованинг ҳам ҳолидан хабар олиниб, ушбу хонадонни келгусида таъмирлаш учун масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди. 3 фарзанднинг онаси Лайло Бўтаева хонадонига ҳам совға-саломлар улашилди.

“Олий-ҳиммат” маҳалласида яшовчи аҳоли билан ўткзилган учрашувда ичимлик сувини олис масофадан ташиб келиши маълум бўлди. Келгусида ушбу маҳалла инфратузилмасини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашни туман режасига киритиш бўйича масъулларига тегишли кўрсатмалар берилди.

Шундан сўнг, туман 2-сектор раҳбари Ф.Холиқов билан биргаликда, “Дўстлик” маҳалласидаги дафтарда рўйхатда турадиган, ногиронлиги бўлган 2 нафар фуқаронинг ҳам хонадонига борилиб, байрам совғалари улашилди.

Туман 3-сектор раҳбари Д.Б.Қурбонов билан биргаликда “Оқкамар” маҳалласидаги аёллар дафтарига рўйхатга киритилган Дилором Махмудова, Марям Атамурадова, “Бахштепа-1” маҳалласида яшовчи, 2-гуруҳ ногирони Н.Ғоффорова, Ф.Бобомуродовларнинг хонадонларига ҳам озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. 2 нафарининг даромадини яхшилаш учун 6 сотих ерини ҳайдаб, унга картошка маҳсулотини экиш бўйича
3-сектор раҳбарига топшириқ берилди.

Иккинчи гуруҳ ногирони Д.Азизова 4 нафар опа сингиллари билан биргаликда яшайди. Оиланинг моддий ҳолати ёрдамга муҳтож. Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан фуқаронинг келгусида яшаш шароитини яхшилаш, даромад манбаига эга бўлиш учун 3 ойлик ўқув курсида ўқитиш ва субсидия асосида тикув машинасини олиб бериш бўйича 3-сектор раҳбарига топшириқ берилди.

Ижтимоий ҳимояга муҳтожларга ёрдам кўрсатиш ва ободонлаштириш ишлари ҳали ҳам давом этмоқда.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech