31 Март 2022 йил 502

Шўрчида аҳоли муаммолари ўрганилди

Бугун Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси ҳамкорлигида Шўрчи туманининг Кушон маҳалласида жойлашган 67-умумтаълим мактаби биносида “Инсон қадри учун” тамойили асосида фуқаролар учун навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди.
Халқ билан очиқ мулоқотда вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари, алоқадор бошқарма ва ташкилотлар бошлиқлари фуқароларни ўйлантираётган муаммоларни тинглаб, уларни биргаликда ҳал этиш йўлларини излади.
Мурожаатлар асосан йўлларни таъмирлаш, электр устунларини янгилаш, тоза ичимлик сув таъминотини яхшилаш, болалар пули, уй-жой учун субсидия олиш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда ишга жойлашиш каби масалаларда бўлди.
– Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони, икки нафар фарзандимиз бор. Ўзим ҳам ҳеч қаерда ишламайман, қатнаб ишлашга имкониятим ҳам йўқ, фарзандларим ёш ҳали – дейди Гулистон маҳалласида яшовчи Маҳбуба Нодирова. – Мени тикувчиликка уқувим борлигини инобатга олишиб, тикув машинасини беришди. Энди фарзандларимга ҳам қарайман, рўзғоримни ҳам эплайман, тикувчиликдан даромад ҳам оламан. Шундай юртда яшаётганимдан фахрланаман.
Очиқ мулоқотда воҳанинг Узун, Денов, Қумқўрғон ва Олтинсой туманларидан ҳам фуқаролар келиб, ўз муаммолари билан мурожаат қилишди.
Сайёр қабул давомида 220 нафар фуқаронинг 332 та мурожаати ўрганилди. Мурожаатларнинг 103 таси масъуллар томонидан жойида ҳал этилди. Бир нечта мурожаатчига тикув машинаси ҳамда ногиронлик аравачаси топширилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 229 та мурожаат назоратга олиниб, тегишли масъулларга муддат белгиланди.

Text to speech