7 Январ 2023 йил 347

Штаб фаолияти: Ҳудудлардаги камчиликлар ва аниқланган муаммолар муҳокама қилинди

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган вилоят навбатчилик Штабида охирги 24 соат давомида электр энергияси, газ, ичимлик суви, кўмир ёқилғиси таъминоти, ижтимоий соҳа объектларидаги мавжуд ҳолатлар ва бошқа масалалар юзасидан аҳолининг мурожаатларини қабул қилиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Муҳокама жараёнида вилоят раҳбари шаҳар ва туманлар штабларига бириктирилган вилоят вакиллари ҳамда сектор раҳбарларининг ҳудудлар бўйича ҳисоботларини тинглади.

Жарқўрғон тумани “Ўзбекистон” маҳалласидаги 12 та кўчада яшовчи аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланмаган, Қизириқ тумани “Гулобод”, “Такия” ва “Истара” маҳаллаларида электр энергияси билан боғлиқ муаммолар мавжуд. Шунингдек, Қизириқ туманининг 15 та маҳалласида 81 тонна кўмирга эҳитиёж бор. Денов тумани “Сина 1” маҳалласидаги ҳудудий терапия бўлими биноси таъмирталаб ҳолатда, ҳар куни электр энергияси билан боғлиқ муаммолар бўлишига қарамай муқобил энергия таъминоти билан таъминлаш чоралари кўрилмаган.

Бу каби ҳолатлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида мавжуд бўлиб, вилоят раҳбари ҳар бир ҳудуд, сектор кесимида камчиликларни кўрсатиб ўтди ва масъулларга мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ муддатлар белгилаган ҳолда топшириқлар берди.

Вилоят раҳбари штаб фаолияти муҳокамаси якунида кўрсатиб ўтилган камчиликларни бартараф этмаган, ўз лавозим мажбуриятларига панжа ортидан қарашда давом этган масъулларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши ҳақида яна бир бор огоҳлантириш берди.

Text to speech