Штаб фаолияти таҳлил қилинди ва амалга ошириладиган ишлар белгилаб берилди
Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида Ички ишлар бошқармасида ташкил этилган вилоят навбатчилик Штабида вилоят, шаҳар ва туманлар штабларининг фаолияти, ҳудудларда аниқланган электр энергияси, газ, ичимлик суви, кўмир ёқилғиси таъминоти, ижтимоий соҳа объектларидаги мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича масъуллар томонидан кўрилган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Муҳокама жараёнларида ҳудудлардаги бир қатор муаммолар санаб ўтилди. Жумладан, Бандихон туманидаги “Обод турмуш” маҳалласи аҳолисига кўмир етказиб берилмаган. Олтинсой тумани 1-сектордаги “Миршоди” маҳалласида 20 дона газ баллон хонадонлар сонига нисбатан етишмайди, шунингдек, ушбу маҳалла учун 50 дона бетон устун ва қўшимча 20 тонна кўмирга эҳтиёж мавжуд. Бойсун туманидаги “Тўда” маҳалласида яшовчи фуқаро шу кунга қадар ногиронлик нафақасини олмаган, турмуш ўртоғи ва икки нафар фарзандлари ҳам ногирон, уйида ичимлик суви йўқ, кўмир олмаган, газ баллони йўқ, ҳолат бўйича фуқаро мутасаддиларга мурожаат қилишига қарамай, унинг мурожаатини ҳеч ким ўрганмаган. Вилоят раҳбари туман масъулларига ушбу ҳолатни ўз вақтида ўрганиб, тегишли чора-тадбирларни амалга оширмаганлиги учун огоҳантириш бериб, муаммони ҳал этиш бўйича топшириқлар берди.
Узун туманида кўмир омборининг берган маълумотига кўра, “Чақар” маҳалласига 84,7 тонна кўмир етказиб берилган. Ўрганишда 62,7 тонна кўмир етказиб берилганлиги аниқланган, қолган 22,0 тонна кўмир ёқилғисини олган фуқароларнинг рўйхати омбор масъуллари томонидан тақдим этилмаган. Ушбу ҳолатни Ишчи гуруҳи тузган ҳолда жойида ўрганиб чиқиш ва айбдорларга нисбатан чоралар кўриш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ҳар бир ҳудуд бўйича аниқланган муаммолар шаҳар ва туманлар штабларига бириктирилган вилоят вакиллари ҳамда сектор раҳбарлари билан муҳокама қилиниб, аниқланган камчилик ва муаммлоларни бартараф этиш бўйича кўрилган чоралар ҳақида масъулларнинг ахборотлари тингланди.
Вилоят раҳбари масъулларнинг бу борада олиб бораётган ишларини қониқарсиз деб топиб, ҳар бир масъул ўзига юклатилган вазифаларни виждонан бажариши лозимлигини, ўз лавозим мажбуриятларини лозим даражада бажармаган раҳбарларга нисбатан кескин чоралар кўрилиши тўғрисида огоҳлантирди.
Санаб ўтилган салбий ҳолатларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар қабул қилиниб, ижроси бўйича аниқ муддатлар белгиланди.