Шўрчида маст ҳолда безорилик қилган йигитга чора кўрилди
Шўрчи тумани “Бўстон” маҳалласида яшовчи Фаррух спиртли ичимликка ружу қўйган. Камига у ширакайф бўлиб олиб, ўзгаларнинг тинчлиги ва оромини бузиши, фуқароларга турли хилдаги тан жароҳати етказиши ортиқча.
2021 йил 6 апрель куни тунги соат 23-00лар чамасида Фаррух яна жамоат жойи ҳисобланган Шўрчи туман тиббиёт бирлашмасига қарашли туғруқ бўлимига маст ҳолатда келиб, ушбу бўлимга мурожаат қилган беморларнинг тинчлиги ва осойишталагини бузади. Спиртли ичимлик таъсирида ҳаракатларини бошқара олмаган Фаррух туғруқ бўлимида хизмат олиб бораётган навбатчи шифокор Денов тумани “Боғи эрам” маҳалласида яшовчи Шерзод билан жанжаллашади. Жанжал вақтида шифокорни дўппослайди ва унга енгил тан жароҳати етказади.
Бу қилмишидан заррача уялмаган, хулоса чиқармаган Фаррух 11 апрель куни кечки соат 21-00ларда “Наврўз” маҳалласи ҳудудидаги “Oqshom sity” хусусий корхонасига қарашли умумий овқатланиш жойида ҳам "ҳунари"ни давом эттиради. У ошхонага келган мижозларнинг кўз олдида белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмасдан, шу ерда ишчи бўлган Ахмад билан тортишади ва уни уриб енгил тан жароҳати етказади.
27 апрель куни соат 22-45 ларда омма кўп тўпланадиган, жамоат жойларидан бири ҳисобланган “Идеал” номли ресторан ҳудудида, ушбу ресторанда мижозларга хизмат кўрсатувчи ходим Шўрчи тумани “Дўстлик” маҳалласида яшовчи Аслиддинни қўли билан бошига бир неча маротаба уриб дўппослаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фаррухга нисбатан 2021 йил 1 май кунида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
2021 йил 19 июль кунида Фаррухнинг такрор ва такрор безорилик қилгани, қилмишларидан хулоса чиқармагани боис унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми “а” банди билан айблов эълон қилиниб, унга нисбатан “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирги кунда мазкур жиноят иши тегишли судлов органига юборилган.
Ичкилик туфайли жамиятдаги юриш-туриш қоидаларини менсимасдан яшаб, ён-атрофдагиларнинг тинчини бузиш учун ҳам қонунларимизда жавобгарлик белгиланган. Афсуски, буни ўз вақтида англаб етмаган Фаррух нотўғри ҳаракатлари учун жавобгарликка тортиладиган бўлди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати