15 Апрел 2022 йил 479

Шўрчи тумани ИИБ ходимлари музейда

Шўрчи туманидаги қадимий тепалик ҳисобланмиш Далварзинтепа Кушонлар даври маданияти сақланиб қолган ноёб ёдгорлик сифатида жаҳонга танилган. Далварзинтепани дунёга танитишда япониялик таниқли қадимшунос олим Кюдзо Катонинг ҳам алоҳида хизмати бор. Кўп йиллар бу ерда археологик тадқиқот ишларини олиб борган ҳассос археолог Кушон подшолиги даврига оид кўплаб асори-атиқаларни топиб, уларни илмий жиҳатдан ўрганди. Буюк ўтмишимизнинг нафис қирраларини, жаҳонга кенг тараннум этиш ва авлодларга етказишга муносиб ҳисса қўшди.

Ҳозирда туманнинг 43-япон ва инглиз тилига ихтисослаштирилган умумтаълим мактабига Като Кюдзонинг номи берилган бўлиб, у ерда археологнинг ноёб топилмаларидан иборат музей ташкил этилган. Бугун Далварзинтепага ташриф буюрган сайёҳ албатта, ушбу музейни кўрмасдан кетмайди.

"Маънавият ва маърифат ойлиги" доирасида Шўрчи туман ИИБ шахсий таркиби хизматчилари ҳам ишдан ортиб, вақт топиб, мазкур музейга саёҳат уюштиришди. Улар музейдаги топилмаларнинг тарихи, умуман, Кушонлар даври тарихимизда қандай из қолдиргани ҳақидаги қимматли маълумотлардан баҳраманд бўлишди.

 Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech