25 Декабр 2021 йил 501

Шерободда, профилактика инспектори депутатлар олдида ҳисобот берди

Шеробод тумани “Буюк ипак йўли” маҳалласида 3 минг нафарга яқин фуқаро истиқомат қилади. Оилалар сони 774 та. Ҳудудда муқаддам жиноят содир этиб, ҳозирда қидирувда бўлган шахслар мавжуд эмас.
Профилактика инспектори Одилжон Ўроқбоев 2020 йилдан бери ушбу ҳудудда жиноятчиликни олдини олиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, хизмат олиб бораяпти. Умуман, инспекторнинг ўтган давр мобайнидаги фаолияти давомида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича қандай амалий ишларга қўл ургани, маҳаллада тинч ва осойишталикни таъминлаш учун қайси чора-тадбирларни қўллаганига ойдинлик киритиш мақсадида, халқ депутатлари Шеробод туман Кенгаши депутатлари ҳузурида эшитув ташкил қилинди. Унда О.Ўроқбоевнинг ҳисоботи тингланди.
Унга кўра, маҳаллада барқарор вазиятни таъминлаш борасида ўтказилиши лозим бўлган аниқ мақсадли профилактик ва тезкор-қидирув чора тадбирлари юзасидан йўл харитаси ишлаб чиқилди. Ҳудудда “жиноят ўчоқ”лари рўйхати шакллантирилди ҳамда ушбу жойларда камералар ўрнатилиб, тунда ёритиш чироқлари ўрнатиш чоралари кўрилмоқда.
Инспектор психологлар ва тезкор ходимлар томонидан ҳафтада 2 маротаба, маҳаллада жойлашган мактаб ўқувчилари орасидан гуруҳбозлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган ҳамда етакчиликка интилаётган вояга етмаганларни аниқлаб, тарбияси оғир бўлган ўқувчиларни ота-онаси ва маҳалла иштирокида муҳокама этиб келинмоқда. “Тиғ” тадбирлари, профилактик суҳбатлар мунтазам равишда ўтказилаётгани ҳақида батафсил маълумот берилди.
1 нафар муқаддам судланган ИИО пробатция ҳисобида турувчи фуқаро жорий йилда иш билан таъминланиб, реаблитация қилинди. 5 нафар ҳуқуқбузарликка мойил спиртли ичимликка ружу қўйган фуқаролар рўйхати шакллантирилиб, ушбу фуқаролар йил давомида даволаниш муассасаларига ётқизилди.
Айни пайтда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонига асосан маҳалла ҳудудида 2022 йил 1-мартга қадар патруль-пост хизматини ташкил этиш чоралари кўрилмоқда.
Эшитув йиғилишида, депутатлар профилактика инспектори ҳисоботида келтирилган маълумотларни, умуман, ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш учун кўрилиши керак бўлган чораларни муҳокама қилишди. Ҳуқуқбузарликларнинг бир қисми тайин бир иш жойига эга бўлмаган шахслар томонидан содир этилаётгани ҳисобга олинса, энг аввало, ишсизликка барҳам бериш, аҳолини фойдали меҳнат билан кўпроқ банд қилиш лозимлиги таъкидланди. Бу бўйича профилактика инспектори билан бирга ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари, тадбиркорлик субъектлари ҳам ҳамкорликда иш олиб боришлари қайд этилди.

Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech