Шерободда 12 нафар эҳтиёжманд оила фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилди
Шеробод туманидаги 3-сектор ҳудудида 12 та маҳалла мавжуд. Мустақиллигимизнинг 31 йиллик шодиёналари арафасида туман ҳокимлиги ҳамда 3-сектор раҳбари ташаббуси билан мазкур маҳаллаларнинг ҳар биридан хатлов натижасида энг эҳтиёжманд оилалар аниқланиб, уларнинг 12 нафар фарзандларига суннат тўйлари ўтказиб берилди.
Бугун 24 август куни эрта тонгдан тўй болалар дастлаб 3-сектор раҳбари, туман ИИБ бошлиғи Ў.Шукуров бошчилигида Имом Абу Исо Муҳаммад ат-Термизий зиёратгоҳида бўлишди. Шундан сўнг туманимиздаги “Бахтбек” тўйхонасида улар катта тантаналар билан кутиб олинди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар тўй болаларни табриклаб, уларга яхши тилаклар билдиришди.
Шунингдек, тўй болаларга ҳамда уларнинг ота-оналарига ташаббускорлар томонидан совға-саломлар ва Табрикномалар топширилди. Чиройли дастурхон атрофида йиғилган тўй болаларнинг яқинлари эса шўх куй-қўшиқларга яйраб рақсга тушишди.
Шунингдек, тадбир давомида Россия Федерациясининг Владивосток шаҳрида ёшлар ўртасида спортнинг дзюдо тури бўйича ўтказилган Осиё чемпионатида ўз вазни тоифасида фахрли 1-ўринни қўлга киритган Шеробод туманининг “Қишлоқбозор” маҳалласида истиқомат қилувчи Асадбек Мирсаидов, қолаверса, бугунги тадбирни ташкил этишда алоҳида меҳнат қилган фаоллар ҳам муносиб тақдирланди.
Ўзбек халқи ҳамиша ўзининг саховатпешалиги билан намуна кўрсатиб келади. Эҳтиёжманд оила вакилларига кўрсатилган бундай эътибор ҳам халқимизнинг энг эзгу фазилатларидан бўлмиш бағрикенглик, сахийлик каби фазилатларини ва албатта “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” деган устувор ғояни ўзида мужассам этди десак янглишмаймиз.