Шеробод туманида содир этилган қотиллик жинояти кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди
Жорий йилнинг 6 январ куни Шеробод туманидаги 40 сонли умумий ўрта таълим мактабида, Шеробод тумани “Ойинли” маҳалласи ҳудудида 3 январ куни содир этилган қотиллик жинояти кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида муҳокама қилинди.
Ўтказилган муҳокамада Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари И.Турсунов, туман хокими ўринбосари М.Чориев, туман ИИБ бошлиғи Ў.Шукуров, туман Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Ш.Жумаев, туман прокурори ўринбосари А.Чариев, маҳалла фаолллари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Ўтказилган муҳокама йиғилиши давомида жиноят тафсилотлари ҳақида тўхталди, ушбу қилмишнинг содир этилиш сабаб ва омиллари кенг жамоатчиликка етказилди.
Масъуллар томонидан фуқароларга оила муқаддаслиги, ҳар қандай содир этилган жиноий қилмиш жазосиз қолмаслиги, жиноятга жазо муқаррарлиги тушунтирилиб, келгусида бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида назоратни янада кучайтириб, маҳалла фаоллари ўз ишига масъулият билан ёндашиши алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, вилояти ИИБ бошлиғининг биринчи ўринбосари томонидан бугунги кунда жамиятда кенг қулоч ёйган ўғрилик, фирибгарлик, кибер жиноят, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш ва уларнинг олдини олишга қаратилган тарғибот ва тушунтириш ишлари ҳам олиб борилди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати