Шеробод тумани 3-сектор ҳудудида истиқомат қилаётган меҳнатвевар аёл хонадонидаги файз
Шеробод туманининг 3-сектори ҳудудида 12 та маҳалла мавжуд бўлиб, уларнинг ҳар бирида муаммоли аёллар бор. Масъуллар томонидан мазкур аёлларнинг турмуш тарзи яқиндан ўрганилиб, уларга тегишли тартибда кўмак кўрсатиб келинмоқда. Мустаҳкам оила, фаровон жамият қуришда албатта хотин-қизларнинг ўрни катта. Мазкур сектор ҳудудида ана шундай бахтли оила бекаси бўлган аёллар ҳам талайгина. Улардан бири “Каттабоғ» маҳалласида истиқомат қиладиган Дилбар опа Давидова бугун ўзининг тадбиркорлиги, ишбилармонлиги ва меҳнатсеварлиги билан маҳалладошларига ўрнак бўлиб келмоқда. “15-октябр – Қишлоқ аёллари куни” муносабати билан Дилбар опани қутлаш учун унинг хонадонида бўлган туман ҳокими ўринбосари – оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи А.Боймуродова, туман ИИБ хотин-қизлар билан ишлаш бўйича катта инспектор, лейтенант С.Ҳудойқулова ҳамда маҳалла хотин-қизлар фаоли ҳовлида барпо этилган мўжазгина боғ билан яқиндан танишишди. 150 тупдан ортиқ анор кўчатларидан етилган анорлар бугун ушбу ҳовлига кўрк бериш баробарида оиланинг асосий даромад манбайига ҳам айланган.
Дилбар опа ҳақиқатдан ер билан тиллашган экан. Анорчилик билан бирга ҳовлисида лимончилик парваришини ҳам йўлга қўйган. Бундан ташқари, айни ҳосилга кирган булғор қалампирлари ҳам Дилбар опанинг меҳнатлари эвазига кўзни қамаштириб турибди. Бир сўз билан айтганда, ушбу хонадонда бир қарич ер ҳам бекор тургани йўқ. Тиниб-тинчимас Дилбар опа бугун ҳақиқий қишлоқ аёлига айланган. Маҳаллада эса унга ўхшаган фидойиларнинг сони ортиб бормоқда. Биз Дилбар Давидова мисолида юртимиздаги барча меҳнаткаш қишлоқ аёлларини байрамлари билан қутлаймиз!