14 Сентябр 2022 йил 1048

Семизликнинг организмга салбий таъсири.

СЕМИЗЛИК Семизлик - организмда ёғ тўқимасининг ортиқча йиғилиши бўлиб, у алоҳида (мустақил) касаллик ёки сурункали қайталаниб турувчи касаллик ва патологик синдром бўлиб кечиши мумкин. Бутун жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти (ВОЗ) маълумотларига кўра сайёрамизнинг 30% аҳолиси ортиқча тана вазнига эга. Семизлик цивилизациянинг касалликларидан бири ҳисобланади. Семизлик организмда ёғ тўқимасининг ортиқча йиғилиши билан характерланиб (эркакларда 20% дан кўп, аёлларда тана вазнининг 25% дан ортиғи, тана вазни индекси 25-30 кг/ м2 дан ортиқни ташкил этади).

Ортиқча вазнга эга бўлган инсонларда,  40 ёшдан сўнг  организмда модда алмашинуви жараёнларининг бузилиши билан кечадиган бир қатор оғир касалликлар пайдо бўлади. Семизликка  мубтало бўлганлар ўртасида  қон томирлари атеросклерози 2 марта, қон босими ошиши 3 марта, қандли диабет касаллиги 4 марта, ўт-тош касаллиги 6 марта, веналар варикоз кенгайиши 2-3 марта кўп учраши аниқланган.

Семизликни даволаш учун таркибида ёғлар ва углевод миқдори камайтирилган парҳез таомларни истеъмол қилиш тавсия этилади. Бундай овқатлар таркибида оқсил ва витаминлар етарли бўлиши лозим. Парҳез таом таркибида асосан мева-сабзавотлардан: карам, сабзи, лавлаги, ошқовоқ, шолғом кабилар бўлиши лозим. Шу билан бир қаторда жисмоний фаол бўлиш, ёшига ва жинсига мос бадантарбия машғулотлари билан шуғулланиш ҳам семириб кетишнинг олдини олишда жуда муҳим аҳамиятга эга.  Камҳаракатлик,  муттасил равишда асабнинг  зўриқиб ишлаши, сурункали чарчаш, организм фаолиятининг бузилишига, меҳнат қобилиятининг пасайишига, барвақт қаришга сабаб бўлади. Бундан ташқари камҳаракатлик оқибатида организмдаги ҳаракат билан чамбарчас боғлиқ аъзолар-бўғимлар, мушаклар ва ҳатто суяклар гипотрофияси вужудга келиб, бу эса ўз навбатида бутун тананинг секин аста “занглаб” бориши ва турли хасталикларнинг ривожланишига олиб келади.

Жисмоний машғулотлар туфайлигина, организмда мажбурий кислород танқислиги юзага келтирилади ва организмнинг  барча тизимлари, аъзоларини вужудга келган бундай вазиятдан чиқиш учун зўриқиб ишлашга – чиниқишга мажбур қилинади. Семиришнинг олдини олиш ҳамда даволашнинг бирдан-бир йўли бир томондан энергетик қиймати ва таркиби жиҳатидан организм эҳтиёжига мос ва рационал овқатланиш бўлса, иккинчи томондан меҳнат қила билиш ва дам ола билиш санъатидир. Жисмоний фаолликнинг оддий усуллари Организмни жисмоний соғломлаштириш усуллари турли туман бўлиб, ҳар бир шахс ўз имкониятларидан ва интилишидан келиб чиққан ҳолда, ўзи учун қулай бўлган турларини танлаб олиши ва мунтазам равишда шуғулланиши талаб қилинади.

Text to speech