Сектор раҳбарлари Термиз шаҳрида жиноятчиликни олдини олиш борасида қилинган ишлар билан танишди
Вилоят ҳокими Т.Боболов 2021 йил 12 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида ўтказилган Ички ишлар вазирлигининг ҳайъат йиғилишида белгилаб берилган вазифаларнинг ижросини вилоятда самарали ташкил этиш, “Обод ва хавфсиз маҳалла”, “Маҳалла-ислоҳотчи” тамойилларидан келиб чиқиб, вилоятнинг барча ҳудудларида “маҳаллабай” тизим асосида ишларни йўлга қўйиш ҳамда ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни барвақт олдини олиш борасида Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилаётган ишлар, келгусидаги вазифалар юзасидан тайёрланган тақдимотлар билан танишишди. Термиз шаҳар ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда вилоят прокурори С.Турдиев, вилоят ИИБ бошлиғи А.Исмоилов, Ички ишлар вазирлиги масъул ходими Ҳ.Абдухолиқов, Термиз шаҳар ҳокими И.Худойбердиев, ҳуқуқ-тартибот идора вакиллари ва бошқа мутасадди ташкилот масъуллари ҳам иштирок этди.
Дастлаб, вилоят ҳокимининг Президентимиз томонидан ҳайъат йиғилишида белгилаб берилган топшириқлар ижроси ҳамда вилоятдаги жиноятчиликнинг умумий аҳволи ҳақидаги тахлилий маърузаси эшитилди.
Шундан сўнг, Термиз шаҳар бўйича ИИО ФМБ бошлиғи Х.Давлатовнинг шаҳар ҳудудида жиноятчилиги ошган маҳаллаларда жиноятни олдини олиш бўйича тақдимоти намойиш этилди. Унда криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда муаммоларни “маҳаллабай” ва “оилабай” аниқлаб, ҳал этиш орқали ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича “ижтимоий профилактика” тизимини жорий этиб, бунда, низоли оилалар ва аҳолининг “муаммоли тоифалари”дан келиб чиқиб, уларга “ташхис” қўйиш лозимлиги таъкидланди. Шу билан бир қаторда туман-шаҳар сектор раҳбарлари аниқланган муаммоларнинг ечими бўйича чораклик “маҳаллабай”, “оилабай” дастурларини ишлаб чиқиш зарурлиги ва ҳудудий кенгашларга киритиш, натижаси бўйича халқ вакилларига ахборот бериб бориш тартибини йўлга қўйиш бўйича топшириқлар берилди.
Шундан сўнг, мутасаддилар шаҳарнинг “Мажнунтол”, “Тинчлик”, “Темирйўлчи” ва “Ўзбекистон” МФЙларига ташриф буюриб, МФЙ раислари, профилактика инспекторлари ҳамда аҳоли билан учрашди. Учрашувда асосий эътибор ишсизлар, ёшлар ва аёлларни касбга ўқитиш, уларнинг бандлигини таъминлаш, эҳтиёжманд оилалардаги психологик муҳитни яхшилаш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларга қаратилди.
Маҳаллаларда, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, жиноятларни жиловлашни янги тизимини жорий этиш, Термиз шаҳридан танлаб олинган 6 та маҳаллани “Намунали маҳалла”га айлантириш мақсадида вилоят ва шаҳардан масъул ходимлар бириктирилиб, ҳозирги кунда профилактик чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, вилоят сектор раҳбарлари шаҳарнинг “Мажнунтол” МФЙ жойлашган бино ва ҳудудий профилактика инспекторининг хизмат уйи шароитлари билан яқиндан танишиб, амалга оширилиши лозим бўлган ишлар юзасидан масъулларга топшириқлар берилди.
Шунингдек, шаҳарнинг “Темирйўлчи”, “Тинчлик” ва “Ўзбекистон” МФЙ раиси ҳамда профилактика инспекторлари хизмат олиб боришлари учун ажратилган хизмат хоналарида ҳам муносиб шароит яратиладиган бўлди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати