Республика ишчи гуруҳи сурхондарёликлар муаммоларини ўрганишда давом этмоқда
Ҳар бир инсон борки бу дунёда яхши яшашга интилади. У ҳам ушбу жамиятда фаровон турмуш кечиришга тўла қонли ҳақлидир. Юртимизда бўлаётган кенг кўламли ислоҳотларни қалбдан ҳис қилиши учун, кўнгил хотиржамлиги керак. Бунга эса муаммолар ечими билан эришилади. Айни жиҳатлар худудларда ўтказилаётган сайёр қабулларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Сурхондарё вилоятида очиқ мулоқот тарзида ўтказилаётган ана шундай сайёр қабулларда одамларнинг дарди ташвиши тингланиб, муаммоларни ҳал этишда амалий ёрдамлар кўрсатилмоқда. Сурхондарёда суд-ҳуқуқ масалалари бўйича ташкил қилинган оммавий қабулларнинг навбатдаги кунида вилоятнинг Олтинсой, Денов, Узун ва Сариосиё туманлари аҳолисининг муаммолари ўрганилди.Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги раҳбарлари иштирокида ўтказилган сайёр қабулда аҳоли мурожаатлари атрофлича ўрганиб чиқилмоқда. Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган қабулларда ҳар бир мурожаатчининг арзи-ҳоли тингланиб, уларнинг эътирозига сабаб бўлган ҳолатлар чуқур таҳлил қилиниб, муаммони бартараф этиш чоралари кўрилди. Муборак Ахмедова асли Ўзбекистонлик. У 1992 йилда Тожикистон Республикасига келин бўлиб борган. Тақдир тақозаси билан 1998 йилда Сурхондарё вилоятига қайтиб келган. Ҳозирда у “Меҳр оқибат” маҳалласида 2 фарзанди билан яшаб келмоқда. Аммо, кўнглидаги бир орзу унга ҳеч тинчлик бермасди. У ҳам бўлса, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси” бўлиш. Унинг бугун орзуси ушалди. Муборак Ахмедова “Ўзбекистон Республикаси фуқароси”- деган, шарафли номга сазовор бўлди. Гулизебо Бўриева 1994 йил Туркманистон Республикасидан Сурхондарё вилоятига келин бўлиб келган. Мана 29 йилдирки турмуш ўртоғи билан тинч тотув яшаб фарзандларини тарбиялаб келмоқда. Гулизебо Бўриева хозирда “Меҳр оқибат” маҳалласида раис ўринбосари ловозимида ишлаб келмоқда. Унинг ўз ишига бўлган муносабатидан Ватанга бўлган муҳаббатини билиш қийин эмас. Унинг хам ягона орзуси Ўзбекистон фуқароси бўлиш эди. Оммавий қабулда Гулизебо опага ҳам Президентимиз фармонига биноан Ички ишлар вазирлиги масъуллари томонидан фуқаролик паспорти тантанали равишда топширилди. Шарғун шаҳарчасида ташкил этилган оммавий қабулда ҳам Узунлик ва Сариосиёлик 2 нафар фуқарога янги ID-паспорти берилди. Сариосиё туманида истиқомат қилиб келаётган Қурбонмурод Норқулов 2- гуруҳ ногирони. Ишсизлик ва моддий қийинчиликлар Норқуловлар оиласини бир оз қийнаб қўйди. Қурбонмурод аканинг уч нафар фарзанди бор. Унинг кенжа фарзанди Тожикистон Республикасида таҳсил олади. У оммавий қабулга келиб кенжа ўғли учун Ўзбекстон Республикасининг хорижга чиқиш биометрик паспорти беришига амалий ёрдам сўради. Унинг ушбу мурожаати, қисқа кунларда ҳал этиб бериладиган бўлди. Мурожаатдан сўнг, Қурбонмурод аканинг хонадонига ички ишлар ходимлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб, моддий ва маънавий ёрдамлар кўрсатилди. Денов ҳамда Сариосиё туманида бўлиб ўтган оммавий қабул давомида ИИВ томонидан 41 нафар фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиниб, уларнинг турли масалаларга оид 41 та мурожаати кўриб чиқилди. Ушбу мурожаатларнинг 7 таси жойида ҳал этилган бўлса, 4 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди. Маълум муддат, яъни атрофлича ўрганиш ёки вақт талаб қиладиган 30 та мурожаат бўйича тегишли мутасаддиларга вазифалар белгиланиб, ижроси назоратга олинди.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати