Расмий муносабат: “Сурхондарёда жабр чеккан фуқаро мурожаати” сарлавҳаси остидаги видеомурожаат юзасидан
Ижтимоий тармоқларда “Сурхондарёда жабр чеккан фуқаро мурожаати” сарлавҳаси остидаги видеомурожаат юзасидан, Ўзбекистон Республикаси ИИВ масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилганида қуйидагилар маълум бўлди.
Жорий йилнинг 20 июль куни Термиз шаҳар “Намуна” маҳалласида яшовчи фуқаро М.С. (жабрланувчининг онаси) Термиз тумани ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилиб, аризасида 2021 йил 19 июль куни соат 17:00 ларда, 2005 йилда туғилган қизи М.С.(жабрланувчи қиз)ни маҳалласида яшовчи фуқаро К.Т. ва Ф.З.лар кимсасиз жойга олиб бориб, қизининг кийимларини ечиб, турли уятли ишларни қилганини, шу сабабли фуқаро К.Т. ва Ф.З.ларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Фуқаро М.С.(жабрланувчининг онаси)нинг мазкур аризаси 2021 йил 20 июль куни Термиз тумани ИИБда қайд этилиб, терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, ҳодиса жойи Ангор тумани ҳудудига кирганлиги сабабли терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб боришлик учун тўпланган ҳужжатлар Ангор тумани ИИБга юборилган.
Фуқаро М.С.(жабрланувчининг онаси)нинг мазкур аризаси 2021 йил 26 июль куни Ангор тумани ИИБда қайд этилиб, терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб боришга киришилган.
Вилоят суд тиббиёт экспертиза бюросининг 2021 йил 23 июлдаги хулосасига кўра, М.С.(жабрланувчи қиз)нинг тана аъзоларида бирор-бир тан жароҳатлари ва уларнинг қолдирган излари аниқланмаганлиги, қизлик иффати анатомик бутунлиги бузилмаганлиги, оғиз бўшлиғи атрофларида, жинсий аъзоси ва орқа чиқарув тешиги атрофларида бирор-бир тан жароҳатлари ва уларнинг қолдирган излари аниқланмаганлиги кўрсатиб ўтилган.
Ангор тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан 2021 йил 16 август куни фуқаро Ф.З.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганлиги ҳолати юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган вақтда, жабрланувчи вояга етмаган М.С.(жабрланувчи қиз)нинг отаси, 2021 йил 6 октябрь куни соат 9:30ларда Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) Термиз шаҳар “Эски шаҳар” маҳалласида жойлашган Сурхондарё вилояти суд тиббий экспертизаси биносига келиб, эксперт ходимни қўпол сўзлар билан ҳақорат қилган.
Шу вақтда эксперт ходим ҳудудий профилактика инспекторининг уяли телефонига қўнғироқ қилиб, фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг ноўрин ҳаракатлари юзасидан оғзаки мурожаат қилган.
Бундан ташқари, Сурхондарё вилояти суд тиббий экспертизаси биноси ёнида иш юзасидан турган Термиз шаҳар ИИБнинг саккиз нафар ходимлар фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг бу ноўрин хатти-ҳаракатларини кўриб, ундан жамоат тартибини бузмаслигини талаб қилишганларида, фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) уларнинг қонуний талабига бўйсунмаган ва ўзининг жамиятда юриш туриш қоидаларини кўр-кўрона намойиш этиб, турли хил қўпол сўзлар билан ҳақорат қилишда давом этган.
Шу сабабли ушбу ходимлар ўзлари келган “Дамас” русумли, хизмат автомашинасида фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)ни Термиз шаҳар ИИБга олиб бориб, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида, автомашинага миндирмоқчи бўлганларида фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) автомашинага минмаслигини айтиб, фаол қаршилик кўрсатганида ИИО ходимлари унга куч ишлатиб, “Дамас” русумли автомашинага миндириб, Термиз шаҳар ИИБнинг икки нафар ходимлари биргаликда Термиз шаҳар ИИБга шу куни соат 10:30 ларда олиб келиб, ИИБ ҳудудидаги махсус сўров хонага олиб киришган.
Шу вақтда фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг суд тиббий экспертизасига биргаликда борган турмуш ўртоғи фуқаро М.С.(жабрланувчининг онаси) ва қизи М.С.(жабрланувчи қиз)лар шаҳар ИИБга уларнинг ортидан етиб келишган.
Ушбу ҳолат бўйича ҳудудий профилактика инспектори фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) ва унинг турмуш ўртоғи М.С. (жабрланувчи қиз)лардан сўровхонада (видеокузатув ёрдамида) тушунтириш хати олган.
Фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) шу вақтда ҳолат бўйича батафсил тушунтириш хати ёзиб бериши жараёнида бирор-бир ички ишлар ходимларига эътирози йўқлигини ва ҳеч қандай тан жароҳати олмаганлигини маълум қилган.
Мазкур ҳолат бўйича профилактика инспектори томонидан фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликни содир этганлиги юзасидан ҳужжатлар расмийлаштирилиб, соат 13:20 ларда сўровхонадан чиқиб кетишган.
Бундан ташқари, Термиз шаҳар ИИБ ҲПБ профилактика инспекторининг иш юритувида, Термиз шаҳар “Намуна” маҳалла раиси И.М.исмли аёлнинг фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) уни 2021 йил 11 август куни уяли телефони орқали қўпол сўзлар билан ҳақорат қилганлиги ва 2021 йил 19 август куни уяли телефонига СМС хабар ёзиб, ҳақорат қилганлиги сабабли унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраб йўллаган мурожаати юзасидан ҳуқуқбузар Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)га нисбатан тўпланган ҳужжатлар мавжуд бўлган.
2021 йил 6 октябрь куни Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида, видеоконференция режимида бўлиб ўтган суд жараёнида, фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг 2021 йил август ойида Термиз шаҳар “Намуна” маҳалла раиси И.М. исмли аёлни ва 2021 йил 6 октябрь куни Сурхондарё вилояти суд тиббиёт экспертизаси эспертини ҳақорат қилганлиги ҳамда Термиз шаҳар ИИБ ходимларининг қонуний талабларини бажармаганлиги юзасидан тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқилиб, суднинг қарорига кўра, Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси) Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг “183-моддаси (Майда безорилик) ва 194-моддаси 1-қисми (ИИО ходимининг қонуний талабларини бажармаслик)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли”-деб, топилиб, унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг Термиз шаҳар ИИБ ходимлари уни уриб тан жароҳати етказганлиги тўғрисидаги важлари юзасидан олиб борилган суриштирув ишлари давомида, 2021 йил 6 октябрь куни Термиз шаҳар ИИБ ходимлари вилоят суд тиббиёт экспертизаси биноси ёнида Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)ни шаҳар ИИБга олиб бормоқчи бўлганларида, ходимларнинг қонуний талабига бўйсунмасдан, фаол қаршилик кўрсатган вақтда жисмоний куч ишлатиб, автоуловга миндирганлиги, бу ҳақда далолатнома расмийлаштирганликлари маълум бўлди.
Ҳозирда фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)нинг мазкур видеомурожаати юзасидан хизмат текшируви ўтказиш белгиланган бўлиб, келгусида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Шу ўринда, фуқароларимиз ҳамда баъзи бир ижтимоий тармоқ фаоллигини даъво қилаётган блогерларимизга шунингдек, фуқаро Г.Ш.(жабрланувчи қизни отаси)га Ўзбекистон Республикасининг Ички ишлар органлари тўғрисидаги (Қонунчилик палатаси томонидан 2016 йил 12 августда қабул қилинган Сенат томонидан 2016 йил 24 августда маъқулланган) қонунининг 5-боб. Ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш
22-моддасига бир кўз югуртиришларини илтимос қилиб сўраган бўлар эдик, зора, ким ҳақ- ким ноҳаклигига зиғирча бўлса ҳам ишонч уйғонса!
21-модда. Жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ва ўқотар қуролни қўллаш шартлари
11-бандига асосан Ички ишлар органи ходимлари томонидан; “Агар жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш қонунда белгиланган асослар бўйича ва тартибда амалга оширилган бўлса, ички ишлар органи ходими жисмоний куч ишлатиш, махсус воситаларни ёки ўқотар қуролни қўллаш чоғида жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарар учун жавобгар бўлмайди.
22-модда. Жисмоний куч ишлатиш
Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:
жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.
Ички ишлар органи ходими ушбу Қонунда махсус воситалар ёки ўқотар қурол қўлланилишига рухсат этилган ҳолларда ҳам жисмоний куч ишлатиш ҳуқуқига эга.
Видеомурожаат юзасидан Термиз шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур иш Сурхондарё вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати