Расмий муносабат: “Сурхондарёда 2 та мактаб директорлари оилалари ўртасида катта жанжал бўлди” ва "Қумқўрғон тумани 59 мактабда нималар бўлаяпти ўзи " видеолавҳа юзасидан
Дастлаб баъзи бир ижтимоий тармоқларда жорий йилнинг 23 август куни “Сурхондарёда 2 та мактаб директорлари оилалари ўртасида катта жанжал бўлди” сарлавҳали видеолавҳалар тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан, Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимлари ўрганиш ишлари олиб борганида қуйидагилар маълум бўлди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган жорий йилнинг 23 август куни “Сурхондарёда 2 та мактаб директорлари оилалари ўртасида катта жанжал бўлди” ва 24 август куни "Қумқўрғон тумани 59 мактабда нималар бўлаяпти ўзи" видеотасвирларда қайд этилган воқеа 2021 йил 23 август куни соат 10:00 ларда Қумқўрғон тумани 59 сонли умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишловчилар Р.Х.Азизбек, Н.А.Насиба, Н.А.Нурилла ва М.Т.Бахтиёрлар ўзларига олдиндан таниш бўлган шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишловчи Д.Б.Хаитмурод билан 59 мактаб ховлисида ўзаро келишмовчилик сабабли бир бирлари билан жанжаллашиб, уриб-дўппослаб, баданга енгил шикаст етказишда ифодаланган безорилик жиноятини қасддан содир этишган.
Мазкур ҳолат юзасидан 2021 йил 24 августда Қумқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Р.Х.Азизбек, Н.А.Насиба, Н.А.Нурилла, М,Т.Бахтиёр ва Д.Б.Хаитмуродларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, шу кунинг ўзида гумон қилинувчи Р.Х.Азизбек, Н.А.Нурилла, М,Т.Бахтиёр ва Д.Б.Хаитмуродлар Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.
Ҳозирги кунда Қумқўрғон туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётганлиги маълум қилинади ва келгусида қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.
Сурхондарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати